8 ноябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан «Сторожевой» ҳарбий кемасидаги исён кўтариб, Коммунистик партия фаолиятига қарши чиққан денгизчилар, «Стокгольм қирғини» — швед зодагонларининг ўлдирилиши ҳамда сув ости кемасида заҳарланган одамларга оид фактлар ўрин олган.
Ҳарбий кемада исён кўтариб, уни олиб қочган совет денгизчилари
1975 йил 8 ноябрь куни Болтиқ флоти таркибидаги «Сторожевой» жанговар кемасида исён юз берганди. Бош кўтарганлар кема ҳудудини СССРдан мустақил деб атаб, давлат телевидениеси орқали тўғридан-тўғри эфир талаб қилган. Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий қўмитаси раҳбари Леонид Брежнев исёндан хабар топгач, «Сторожевой»ни бутун жамоаси билан бирга йўқ қилишни буюриб, унга ҳарбий авиация ва Болтиқ флоти кемаларини юборган.«Кемада исён, командир ҳибсда»
Ўша йилнинг 7 ноябрь куни СССРда Октябрь инқилобининг 58 йиллиги нишонланган. Анъанага мувофиқ Ригада ҳарбий-денгиз парад ўтказилган: жанговар кемалар орасида бундан икки йил олдин Калининграддаги «Янтар» кемасозлик заводида ишлаб чиқарилган замонавий «Сторожевой» алоҳида ажралиб турарди.
Параднинг эртаси куни, 8 ноябрда кема экипажи ва офицерлар таркиби ҳордиқ чиқарган — муаммо юз беришини ҳеч ким кутмаган ҳам. Аммо соат 22:30 да C-263 сув ости кемасининг палубасида «Сторожевой»нинг матроси ва катта лейтенант Фирсови пайдо бўлган. Версиялардан бирига кўра, улар сув кемага арқон ёрдамида, бошқаси бўйича — совуқ сувга қарамай сузиб келган.
Иккиси ҳам ҳаяжонли ҳолатда бўлган ва «Сторожевой» эгаллаб олингани боис қочганликларини маълум қилган. Даставвал уларнинг маст ҳолатда эмаслиги текширилган. Офицерларнинг шовқинига етиб келган сув ости кемаси офисерларига катта лейтенант Фирсов ҳисобот берган: «Кемада исён, командир ҳибсга олинган. Исёнчиларга командирнинг сиёсий-маърифий ва тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари («замполит») — III ранг капитани Валерий Саблин бошчилик қилмоқда». Офицерлар аввалида саросимага тушган: Фирсовнинг айтганлари ҳақиқатга мос келиши қийин эди.
Бошқа томондан катта лейтенант ақли-ҳуши жойида кўрилган. У «замполит» Саблин кемани эгаллаб олгани ва Ленинградга бориб, «Аврора» ёнида турган ҳолда инқилоб бошланганини эълон қилмоқчилигини айтган. Соат 01:00 ларда сув ости кемаси офицерлари «Сторожевой» лангарни кўтарганини кўргач, барча шубҳалар тарқаб кетган.
Лейтенант Фирсовнинг қочиб кетишидан бир неча соат олдин «замполит» Валерий Сабрлин II ранг капитани Анатолий Потулний — «Сторожевой» командирининг олдига кириб, гидроакустиклар постида тартибсизлик бошланганини маълум қилган. Гап нимада эканини сўраган командирга жавобан «замполит» уни тезроқ боришга ундаган.
Гидроаскутиклар бўлмасидаги командирни пистолетли матрос қўриқлаган. Потулний ўз «қамоқхонаси»да кема кутубхонасига тегишли бир нечта китоб ва ичига исм-фамилияси ёзилган конвертни топган. Унинг ичида Саблин ёзган хат бор эди: «Кечир, бошқача йўл тута олмайман». Кемадаги барча телефон гўшаклари олиб қўйилган, бошқа алоқа воситалари ўчирилган.
Командирни асирга олган Саблин каютада 13 та офицер ва 13 та мичманни тўплаб, партия раҳбарияти инқилоб ғояларидан бутунлай чекиниб кетганини билдирган. Саблин савдодаги муаммолар, олий таълим муассасаларига қабул тартибларининг бузилиши ва амалдорлар томонидан масабни суиистеъмолга қилишга оид машҳур ишларни гапирган. «Замполит» Совет Иттифоқи Коммунистик партияси раҳбарияти Ленин томонидан белгилаб берилган социализмни қуриш йўлидан оғиб кетганини айтган.
«Кимнидир умумхалқ судига тортиш ва қонун доирасида қаттиқ жавобгарликка жалб этиш вақти келди. Бизнинг чиқишимиз — чақнашни юзага келтиришга хизмат қиладиган кичик импулс», — деган Саблин.
Кейинчалик СССР Мудофаа вазирлиги комиссиясининг аниқлашича, Саблин Кронштадт кемасига ўзбошимчалик билан ўтиш, уни мустақил ҳудуд дея эълон қилиш ва экипаж номидан партия раҳбариятидан Марказий телевидение орқали чиқиш қилиши учун имконият беришни талаб қилиш таклифини билдирган.
Шундан кейин «замполит» тарафдорлардан бири исённи амалга оширишга ёки унга қарши овоз бериш таклифини илгари сурган. Овозлар деярли иккига бўлинган. Қарши бўлганлар хизмат бўлмаларига қамалган. Кейинроқ кеманинг шахсий таркибига танловни амалга ошириш имконияти берилган. Денгизчилар «Потемкин жанговар кемаси» фильмини томоша қилиш учун тўплашган.
«Княз Потёмкин-Таврический» жанговар кемасида 1905 йилда юз берган денгизчилар исёни СССРда инқилобий курашнинг асосий мафкуравий ғояси ҳисобланган. Фильм якунлангач, Саблин жамоага ўз фикрларини маълум қилган.
«Кеманинг барча шахсий таркиби ҳам Саблиннинг тарғиботига қўшилмаган — бунга алоҳида матрос, старшина ва офицерларнинг командирини озод этишга ва Саблинни қўлга олишга бўлган уриниши далил бўла олади. Бироқ Саблиннинг тарафдорлари ушбу уринишларни йўққа чиқарган», — дейилади СССР Мудофаа вазирлиги комиссияси ҳисоботида.
Исёнчилар вазиятни тезда назоратга олган. Матрослар қўлга олинган офицерлар ўрнини эгаллаган. Шошилганда кемани тутиб турадиган арқонларни ечишга вақт бўлмаган — уларни болталар билан чопишган.
«Биз бошлаган инқилоб»
Содир бўлган ҳолат ҳақида Болтиқ флоти вице-адмирали Анатолий Косовга ҳисобот беришган. У тезкор штабга етиб келиб, кема жамоасига лангарни туширишни буюрган. Косов командир «Сторожевой»ни бошқармаётганини тушунган ва кема Саблин бошқарувида экани тасдиқланган. Қўмондонлик фикрича, Саблиннинг мақсади сув ости кемаларини йўқ қилишга мўлжалланган катта «Сторожевой»ни Швеция сувларига олиб келиб, сиёсий бошпана сўраш бўлган. 1961 йилда совет ҳарбий-денгиз флоти офицери Ёнас Плешкис юк ташувчи кема орқали худди шундай йўл тутганди.
«Сторожевой»ни қидириш учун Юрмаладан 20 километр узоқликдаги Тукумс аэродромида жойлашган 668-сонли бомбардимончи авиация полка кўтарилган. Ўқув «тревога»си бўйича учувчилар шифрланган топшириқларни олган: унда СССР сувларига жанговар кема бостириб келгани қайд этилган. Учувчилар олдига «нишонни топиш ва уни йўқ қилишга тайёргарлик кўриш» вазифаси қўйилган. Авиация қидирув ишларини бошлаган, аммо об-ҳаво туманли эди.
Бомбардимончилардан бирининг омади чопган: сув устидаги нишонни топган. Учувчи кема йўналиши бўйча бир нечта бомбани ташлаб, вазифа уддаланди деган фикрда базага қайтган. Бироқ кейинчалик маълум бўлишича, учувчи «Сторожевой»ни эмас, балки советларнинг юк ташувчи кемасини нишонга олган.
Бу пайтда «Сторожевой» ўз йўналишини давом эттираётганди. Швеция сувларига нақадар 43 мил ва 2,5 соатлик масофа қолган, Кронштадтга қадар бўлса — 330 мил ва 18 соат. Штабдагилар кема Швецияга кетаётганига ишонган. Шу билан бирга, жанговар авиация Рига кўрфазини кўздан кечиришни давом эттираверган. Учувчилар кўрфазда балиқчиларнинг кўплаб кемалари борлигини ва бомба ташлаш кутилмаган қурбонларни юзага келтириши мумкинлигини таъкидлаган.
«Бомбаларнинг дастлабки серияси кема палубасининг ўртасига тушиб, қўпламаларни яксон қилган ва кема рулини ишдан чиқарган. Қолган бомбалар кема ўқидан оғишган ҳолда тушиб, парракларга шикаст етказган», — дейди захирадаги генерал майор Александр Симбалов.
Бу вақтга келиб исёнчи денгизчиларнинг инқилобий хоҳишлари сўнган. Кейинроқ тергов давомида маълум бўлишича, улар ўзларига келиб, шикаст етган ва устида жанговар самолётлар учиб юрган кемада эканликларини тушунган. Самолётлар зарба беришга тайёрлигини кўрган денгизчилар исталган вақтда ҳалок бўлишлари мумкинлигини англай бошлаган.
Шунингдек, бир неча исёнчи «Сторожевой» командири Анатолий Потулнийни озод этишга киришган. «Мен пистолет, қолганлар эса автомат олиб, икки гуруҳга бўлиндик. Кўприк ёнида Саблинни кўрдим ва уни отиб ташлаш фикри пайдо бўлди, аммо адолат учун керак бўлишини ўйлаб, оёғига ўқ уздим — у йиқилди», — дейди кема капитани Потулний.
Шундан кейин командир алоқа марказига кўтарилиб, радио орқали «кемада тартиб қайта тикланганини» эълон қилган.
«Сторожевой»даги исёндан кейин экипаж тарқатиб юборилган. Кўплаб офицерлар ва командирлар ҳайфсан олган, унвонларидан маҳрум бўлган ва партиядан четлатилган — бу уларнинг карьерасига нуқта қўйилганини билдирарди. Бундан ташқари, Болтиқдаги маълумотлар тарқалиб кетишининг олдини олиш бўйича фавқулодда чоралар ҳам кўрилган.
«Сторожевой»ни учта океандан олиб ўтиб, Узоқ Шарққа олиб боришган. СССР тарқалгач, «замполит» Валерий Саблин ва уни исёнда қўллаб-қувватланганлар сиёсий репрессия қурбонлари сифатида қаралган. 1994 йилда унинг иши қайта кўриб чиқилган. Россия Олий суди ҳарбий коллегияси «янги вазиятлар сабаб кўрилган», бироқ Саблин ва унинг яқин шериги матрос Александр Шеин тўлиқ реабилитацияга эришмаган.
«Стокгольм қирғини»: швед зодагонларининг ўлдирилиши
1397 йилнинг шу кунида Норвегия ва Швецияда Дания қиролларининг ҳокимияти эълон қилинган Калмар иттифоқи тузилганди. Ушбу бирлашув Скандинавия ҳамда таркибига Шимоли-Ғарбий Европа шаҳарлари кирган Ganza савдо иттифоқига қарши туриш мақсадида юзага келган.Калмар иттифоқининг ташаббускори Дания қироличаси Маргарита эди. Иттифоқ ҳар бир аъзо давлат учун кенг автономияни таъминлаши керак бўлган. Шу билан бирга, давлатлар қуролли можаро ҳолатида бир-бирга ёрдам бериш мажбуриятини олган. Калмар иттифоқи беқарор эди — Дания ва Швеция биринчиликни қўлдан бой беришни истамаган.
Иттифоқ фаолияти давомида деҳқонларнинг аҳволи сезиларли даражада ёмонлашган: улар тобора кучайиб бораётган феодал қарамликка тушиб қолган. Ушбу жараён сабаб деҳқонлар исён кўтариб турган. 1512 йили юз берган шу каби исёнларнинг бирида Стен Стуре Стокгольмни эгаллаган. У ўзини Швециянинг муваққат ҳукмдори дея эълон қилган, бироқ мазкур қарорни черков қўллаб-қувватламаган. Дин пешволари данияликлар тарафига ўтган. Ўшанда Стуре архиепископ Густав Троллени зиндонбанд этган. Тролле сулоласининг барча вакиллари Дания монархларини қўллаб-қувватлашни бошлаган. Дания қироли Кристиан II архиеписков ҳимоясига чиққан. Густав Тролленинг тарафдорларни монарх кўмагида Стурега уруш эълон қилади.
Швеция муваққат ҳукмдори Кристиан II билан жангда ҳалок бўлади, аммо унинг қўшини қаршилик кўрсатишни давом этади. Шунда Дания ҳукмдори швед аскарларни таслим бўлишга чақириб, уларни афв этишни ваъда қилади. Бундан ташқари, Кристиан швед қоқнунларига риоя этишга ва етакчиларни маҳаллий вакиллардан тайинлашни кафолатлайди. 1520 йилнинг 4 ноябрида Дания, Швеция ва Норвегия монархига тож кийдириш маросими бошланади.
Қирғин билан якунланган маросим
Байрамни нишонлаш учун Стокгольм кўчаларига юзлаб одамлар чиққан. Кўтаринки кайфиятдаги шаҳар аҳолиси олдинда қирғини кутиб турганини ўйламаган ҳам. Кристиан Стуре тарафида бўлганларга яна афв эълон қилинишини ваъда берган. Тож кийдириш маросимида Швециянинг обрўли оилалари вакиллари ҳамда камида 50 нафар шаҳарлик иштирок этган. Зиёфат авж палласида Густав Тролле монархга етказилган зарарни қоплаш ва «бидъатчиларни» жазолашни бўйича илтимос билдирган.
Архиепископ ўзининг барча эски душманлари исмини айтган. Шундай қилиб байрам швед аристократларидан қасос олиш маросимига айланган. Сарой дарвозлари ёпилган. Айрим номдор шаҳарликлар дастурхондан тўғридан-тўғри олиб чиқиб кетилган. Залда бўлган черков ходимлари Стуренинг тарафдорларни «бидъатчилар» деб эълон қилган.
Эртаси куни оммавий қатл бошланган. Шаҳар марказида икки нафар эпископ ўлдирилган. 9 ноябрь куни ўлдирилган шаҳарликлар сони 100 нафарга яқинлашган — уларнинг боши танасидан жудо қилиниб, осиб қўйилган. Кейинроқ Стен Стуренинг кўмилган жасади ковлаб олиниб, ёқиб юборилган. Ўлдирилганлар орасида шаҳар кенгашининг 14 нафар аъзоси ва 3 нафар бургомистр ҳам бор эди.
Кристиан II дворянларнинг ўзига қарши бош кўтарилишига олиб келган бир нечта ислоҳотларни ўтказган. Монарх ер эгалари ва деҳқонлар ўртасидаги муносабатларга аралашиш ҳуқуқини қўлга киритган. Деҳқонларнинг вазифалари тартибга солинган. Бундан ташқари, ер эгаларининг савдоларни ўтказиш бўйича имкониятлари чекланган. Монархнинг ташқи сиёсатдаги омадсизликликлари ҳам унга пад берган. Черков ҳам Кристиан II дан юз ўгирган ва буларнинг барчаси монархга қарши қўзғалонга сабаб бўлган. Дворянларга янги солиқлардан норози шаҳарликлар қўшилган.
Кристиан II оиласи билан бирга Германияга сузиб этган, кейин эса Бельгияга кўчган. Дания қироли сифатида унинг амакиси Фредерик сайланган. 1531 йилда Кристиан II йўқотилган тахтини қайтаришга уринган. Бироқ у Даниядаги Сеннерборг қалъасида қамоққа олинган. У умрининг охирги кунларини шу ерда ўтказишга мажбур бўлган.
«Нерпа» сув ости кемасидаги ҳалокат ва бунда айбланган командир
2008 йил 8 ноябрь куни К-152 «Нерпа» атом сувости кемасида авария юз берганди. Соат 17:56 да сув тубида бўлган кеманинг КҲК (кеманинг ҳажмли кимёвий) ўт ўчириш тизими кутилмаганда ишлаб кетган.
Ҳодиса оқибатида кемада бўлган жами 220 кишининг 20 нафари ҳалок бўлган. Бу бутун Россия ҳарбий сувости кемалари учун катта зарба эди. «Нерпа» ҳинд-денгиз кучлари учун қурилган бўлиб, синовлар якунлангач Ҳиндистонга 10 йилга лизингга берилиши режалаштирилган.
Фожиадан кейин дарҳол жиноий иш очилган ва биринчи айбдор — шартнома бўйича хизматчи матрос Гробов топилган. «Бепарволи» моддаси бўйича, шунингдек, экипажнинг яна тўрт аъзоси айбланган, жумладан, кема командири Лаврентев ҳам.
Тергов жараёни таҳилларидан кўриш мумкинки, ҳалокатнинг барча сабабларини ўрганиш мақсади бўлмаган, ишни ўнлаб йиллар давомида тажрибада қўлланилган шаблонга кўра ёпишга уринишган. «Нерпа» командири қасддан ўз хатти-ҳаракатлари билан оғир оқибатларни юзага келтирган аварияни пайдо қилганликда айбланган.
«Нерпа»даги инсонларнинг бевосита ўлимига ўт ўчириш тизими тўлдирилган GOST талабларига жавоб бермайдиган 114B2 хладон билан тўлдирилгани сабаб бўлган. Унинг 64,4 фоизи заҳарли тетрахлоретилендан ва фақат 34,6 фоизи ҳақиқий 114B2 хладонидан иборат эди. Афтидан тергов қуйидаги нозик масалаларни кўтаришни хоҳламаган:
- қиймати 5 миллион рублдан кам турмайдиган соф хладоннинг катта қисмини ким сотиб юборган ёки ўзлаштирган (Россияда хладон ишлаб чиқарилмайди ва у дефицит ҳисобланади)?;
- оловни ўчириш тизими сифатига айнан ким жавоб берган ва нимага ушбу саноат корхонасида назорат ўтказилмаган?.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)