Президент 27 октябрь куни имзолаган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали.
Жумладан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларининг профилактика катта инспекторлари жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳолати тўғрисида ҳар 6 ойда халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига ҳисобот тақдим этади.
Шунингдек, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ички ишлар органларининг фаолиятини бевосита маҳаллаларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича, шунингдек фуқароларнинг хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш борасида ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари ва жамоат тузилмаларининг ҳамкорликда ишлашини маҳаллалар кесимида ташкил этиш бўйича амалга оширадиган таркибий тузилмаси ҳисобланади.
Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ўз фаолиятини қуйидаги таркибда амалга оширади:
- профилактика катта инспектори, профилактика инспектори, профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси (ҳар кунлик асосда);
- мазкур ҳудудда хизматни ўташ учун бириктирилган туман (шаҳар) ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори, пробация бўлинмаси инспектори, тезкор вакил, патруль-пост хизмати ходимлари;
- жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига кўмаклашиш учун юборилган Миллий гвардия бўлинмасининг ва бошқа ваколатли давлат органларининг ходимлари, шунингдек жамоат тузилмаларининг вакиллари.
Изоҳ (0)