Беларусь президенти Александр Лукашенко тез орада россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан учрашишини маълум қилди, деб хабар бермоқда «БелТА».
«Яқин кунларда биз Владимир Владимирович Путин билан яна бир бор учрашамиз ва жорий йил якунларини сарҳисоб қиламиз. Президентлар даражасига келсак, ҳеч бўлмаганда келгуси йил учун вазифаларимизни режалаштирамиз», — деди Беларусь президенти.
Учрашувда, Лукашенконинг сўзларига кўра, бошқа масалалар қатори икки томонлама интеграция ва унга қаратилган лойиҳаларни муҳокама қилиш режалаштирилган.
Путин ва Лукашенко охирги марта Сочида 26 сентябрь куни учрашган эди. Бунгача улар Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарларининг саммитида учрашган. Шундан сўнг Путин беларуслик ҳамкасби билан кейинги учрашувда минтақадаги вазият ва иқтисодий масалаларни муҳокама қилишга келишиб олганини қайд этган. Лукашенко музокаралар чоғида Россия ва Беларусь ўртасидаги келишувларда муваффақиятсизлик «деярли бўлмаган»ини таъкидлаган.
Изоҳ (0)