Ўзбекистонда тез ёрдам хизматида фаолият юритаётган шифокорлар сони қарийб 13 минг 800 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Очиғини айтиш керак, авваллари юртимизда тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатидан кўпчиликнинг кўнгли тўлмас, қолаверса, тизимдаги шифокор кадрлар малакаси борасида ҳам қатор муаммолар мавжуд эди. Шу боис кейинги йилларда соҳани етук ва тажрибали мутахассислар билан таъминлаш, уларни қайта тайёрлаш ҳамда касбий кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти, — дейди Республика тез тиббий ёрдам марказининг тез тиббий ёрдам хизматини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари Давлат Юлдашев.Натижада 2022 йилнинг ўтган 9 ойи давомида тез ёрдамда фаолият юритаётган шифокорлар сони 13 минг 798 нафарни ташкил этиб, таъминланганлик даражаси 90,7 фоизга етди. Бу борадаги кўрсаткич Бухоро ва Наманган вилоятларида 100 фоиз, Самарқандда 99 фоиз, Андижонда 95,2 фоизни ташкил қилмоқда.
Маълумки, 103 хизматида реаниматолог-шифокорлар алоҳида ўринга эга бўлиб, айни пайтда соҳада 686 нафар ана шундай мутахассислар фаолият олиб бормоқда. Бу борада энг яхши кўрсаткич Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳиссасига тўғри келиб, мазкур ҳудудларда 103 хизмати тўлиқ реаниматолог-шифокорлар билан таъминланган.
Шунингдек, 2022 йилнинг айни шу даврида тизимда меҳнат қилаётган ўрта тиббиёт ходимлари сони 29 минг 156 нафарни ташкил қилмоқда.
Изоҳ (0)