Тошкент шаҳри 17 октябрь куни дунёдаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рейтингида биринчи ўринга чиққани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлими ходимлари томонидан пойтахтнинг 5 та нуқтасидан таҳлил натижалари олинди.
Қайд этилишича, ушбу жараёнга Давлат экология қўмитасининг мобил лабораторияси ва мутахассислари жалб этилиб, намуналар асосида таҳлиллар амалга оширилган.
Олинган намуна натижалари 2-нуқта (Юнусобод тумани 6-мавзе)да умумий чанг миқдори бўйича белгиланган (ПДК) меъёрдан ортиқлигини кўрсатган.
Мутахассислар фикрига кўра, узоқ вақт давомида ёғингарчиликнинг йўқлиги, кучсиз шамоллар, ҳароратнинг инверсияси атмосфера ҳавосининг турғунлигига имкон берган. Бунинг натижасида ифлослантирувчи моддаларнинг тўпланиши кузатилган.
Таъкидланишича, 17 октябрдан 18 октябрга ўтар кечаси ёғингарчилик туфайли Тошкент шаҳри ҳавоси чанг-тўзонлардан тозаланиб, халқаро даражадаги стандартларга кўра, ҳаво ифлосланиши кўрсаткичи 38-ўринни қайд этган.
АҚШнинг Ҳаво сифати индекси рейтингининг 18 октябрь соат 15:08 ҳолатига берган маълумотларига кўра, Тошкент ҳаво ифлосланиши кўрсаткичи бўйича дунёда 28-ўринда бормоқда.
Ёғингарчиликдан кейин Тошкент шаҳар ҳавосининг ҳолатини аниқлаш мақсадида мобил лаборатория орқали такроран ўлчаш ишлари амалга оширилган. Унга кўра, ҳавонинг ифлосланиш ҳолатлари кузатилмаган.
Изоҳ (0)