Буюк Британиядаги Оксфорд университетининг камбағалликка қарши курашиш ва инсон тараққиёти ташаббуси директори Сабина Алкире БМТнинг Ўзбекистондаги вакилининг ёрдамчиси Шаҳноза Зафарига интервью берди. Суҳбатда камбағаллик ва уни қисқартириш масаласида сўз борган. «Дарё» Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Telegram-каналида эълон қилинган видеосуҳбат матнини тақдим этади.
Кўп ўлчовли камбағалликни баҳолаш нима учун муҳим?
Одатда биз камбағалликни пул, даромад ёки истеъмол кўрсаткичлари орқали ўлчаймиз ва дарҳақиқат, булар жуда муҳим кўрсаткичлар. Лекин улар ҳамма жиҳатларни қамраб олмайди. Мисол учун, агар олис ҳудудда яшагани учун бола мактабга қатнамаётган бўлса ёки уларда нимадир етишмаётган бўлса-ю, ҳақиқатан ҳам давлат хизматига муҳтож бўлса, бундай ҳолатларда муаммо пул билан ҳал бўлмаслиги мумкин. Шундай қилиб, кўп ўлчовли камбағаллик деганда мамлакат учун устувор бўлган турли жиҳатлар ҳисобга олинади. Масалан, озиқ-овқат хавфсизлиги инсон капиталини шакллантирадиган бир жиҳат ҳисобланади. Яъни озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши орқали одамлар самарали ишчилар бўлиши мумкин. Демак, уларнинг имкониятлари муҳим. Одамлар яхши турар-жой ва шароитларга, яхши ҳақ тўланадиган, адолатли иш ўрнига эга бўлиши ҳукумат учун устувор йўналишлардандир.
Кўп ўлчовли баҳолаш ишсизлик ва даромаднинг сифатли кўрсаткичларини ўз ичига олади. Бунда ҳар бир киши ёки ҳар бир уй хўжалиги эътиборга олинади ва улар айни вақтда мазкур ўлчовларнинг қайси биридан маҳрум экани кўрсатиб берилади. Бунинг аҳамияти шундаки, агар сиз мазкур ўлчовларнинг биридан маҳрум бўлсангиз, камбағал бўлиб қолмаслигингиз мумкин. Мисол учун, сиз ўқимаган бўлсангиз-да ўз ҳаракатингиз билан миллионерга айланишингиз мумкин. Агар жуда кўп жиҳатлардан маҳрум бўлсангиз, унда камбағал ҳисобланасиз. Шу тариқа Ўзбекистонда ёки турли ҳудудлар, ҳатто туман даражасида қанча камбағал мавжудлиги тўғрисида маълумотлар тақдим эта олишимиз мумкин. Шунингдек, болалар ўртасидаги камбағаллик билан турли хил ижтимоий гуруҳга мансублик, ногиронлик ёки бошқа жиҳатлар ўртасидаги боғлиқликни аниқлаш имкони бор. Кейин ўртага савол қўямиз: хўш, улар қайси жиҳатлар бўйича камбағал? Улар нималардан маҳрум? Сизда бу саволларга жавоблар бўлса, қашшоқликка қарши курашиш учун мўлжалланган маблағларни исроф қилмасдан жуда самарали тарзда йўналтириш имконияти бўлади. Сиз ҳал этишингиз керак бўлган маҳрумликларни аниқ биласиз. Худди шундай йўл тутиш орқали сиз икки ёки учта муаммони ҳал қилишингиз ва кўпроқ пул тежаш мумкинлигини аниқлашингиз мумкин. Ҳозирги кунда мавжуд чекланган ресурслар, Украинадаги уруш, ковиддан кейинги даврни ҳисобга олган ҳолда, биз қашшоқликка қарши жуда самарали тарзда курашишимиз лозим. Кўп ўлчовли баҳолаш орқали иқтисодий жиҳатдан самаралироқ ва каттароқ таъсир кўрсатиши мумкин бўлган жуда кўп маълумотлар олинади.
Нега ҳар бир мамлакат камбағалликни енгиш учун ўзига хос ўлчов воситалари ишлаб чиқилиши зарур?
Биз БМТ тараққиёт дастури билан ҳамкорликда 109 мамлакатда яшовчи 5 миллиард 900 миллион одамни таққослашни назарда тутадиган баҳолашни амалга оширамиз ва буни глобал кўп ўлчовли баҳолаш деб атаймиз. Мазкур умумий мезон орқали ўта қашшоқлик ҳолати ўлчанади. Баъзи мамлакатларда ушбу кўрсаткич нолга тенг бўлса, бошқаларида аҳолининг 92 фоизи қашшоқликда яшайди. 2006 йил учун аралаш маълумотлар асосида биз Ўзбекистонда бу кўрсаткич жуда паст бўлганлигини кўрганмиз. Аммо бу қашшоқликни баҳолашнинг нотўғри ўлчови эди. Ҳар бир мамлакатда турли хил таълим стандартлари мавжуд ва шунингдек, уларда турли хил устувор йўналишлар бўлади. Масалан, турар-жой қуриш учун яхши материаллар деганда турли хил материаллар тушунилиши ёки санитария, сув ва электр энергияси таъминоти нуқтаи назаридан талабларнинг турлича бўлиши мумкин. Шу тариқа, ҳар бир мамлакатда ўлчов кўрсаткичлари мамлакат учун хос таърифга мослаштирилиши керак, бунда таъриф сиёсатнинг устувор йўналишлари ва пастдан юқорига қараб камбағалларнинг талаб ва эҳтиёжларига мос келиши лозим. Шунингдек, маълумотлар янгиланиб туриш керак. Чунки идеал ҳолда Ўзбекистон учун кўрсаткичлар ҳар бир йил ёки ҳар икки йилда янгиланади. Ҳеч ким мукаммал бўла олмайди. Баҳолашда Ўзбекистон ҳукумати томонидан берилган маълумотлардан фойдаланилади ва бу маълумотлар янгилаб турилиши ва кичик ўзгаришлар ҳам максимал даражада киритилиши лозим. Биз кўплаб ҳукуматлар билан ишлаймиз. Ҳозирда ўнлаб ҳукуматларда БРМ мақсадлари кўрсаткичлари сифатида рўйхатга олинган расмий кўрсаткичлар мавжуд. Бироқ бу кўрсаткичлардаги маълумотлар бир-биридан фарқ қилади ва уларда умумий жиҳатлар жуда кўп. Масалан, уларнинг барчасида мактаб қамрови кўрсаткичлари мавжуд. Аммо улар ҳар бир давлат учун турлича. Филиппин ва Вьетнам кўрсаткичлари Жанубий Африка, Покистон ёки Колумбия кўрсаткичларидан фарқ қилади.
Ўзбекистонда 2026 йилгача камбағалликни кескин қисқартириш учун қандай ғоя ёки маслаҳатлар берган бўлар эдингиз?
Биринчиси, қашшоқликни кўп ўлчовли баҳолаш. Ўзбекистонда эшитишга ва кўришга улгурган жиҳатларим шуки, ўсиш, ижтимоий ҳимоя, инсон капитали, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби кўплаб устувор йўналишлар мавжуд. Агар сиз буларнинг барчасини алоҳида амалга оширишга ҳаракат қилсангиз, унда бу жуда қийин вазифа. Аммо агар сиз уларнинг кўпини ёки аксариятини кўп ўлчовли баҳолаш доирасида жамласангиз, олға силжиш ёки пасайиш кузатилади. Бунда ҳар бир шахс ўз олдига ‘мен ўз кўрсаткичларимни қай тарзда ўзгартиришим мумкин’, деган вазифа қўймайди. Балки ‘мен ўзим ўзгартира оладиган кўрсаткичлар орқали қашшоқликни қисқартиришга қандай ҳисса қўшишим мумкин’, деган вазифа қўяди. Шу тариқа, у мувофиқлаштирувчи восита сифатида ишлайди. Бу сиёсий жиҳатдан ҳам кўримлиликни таъминлайди.
Биласизми, журналист қашшоқлик даражаси ошди ёки пасайди деса, ҳаёлингизга дарҳол даромадлар тушди деган фикр келади. Аммо таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, иш ўринлари-чи? Улар тўғрисида ўйламайсиз ҳам. Агар даромадлар ошди, қашшоқлик даражаси пасайди ва кўп ўлчовли қашшоқлик қисқарди ёки иккаласи ҳам тенг ярмига қисқарди, десангиз бу одамларнинг қизиқишини оширади. Яъни, менимча, биз реалистик бўлишимиз керак. Кўп ўлчовли кўрсаткич адолатли сиёсат воситаси сифатида фойдалидир. Шу билан бирга у эришилган муваффақиятлар тўғрисида хабар бериш учун ҳам қулайдир.
Иккинчиси – турли секторлар, ҳукуматнинг турли даражалари ва ривожланиш соҳасидаги шерикларни шу мақсад атрофида мувофиқлаштиришга ҳаракат қилиш. Сабаби, такрор айтаман, ҳар бирининг ўз устувор вазифалари мавжуд. Шу боис, ўзаро мувофиқлаштириш бўйича учрашувга вазир ўз ўринбосарларини жўнатмасдан, шахсан иштирок этиб, қашшоқликни қисқартириш учун қандай ишлар амалга оширилгани тўғрисида ҳисобот сўраши лозим.
Мен университет профессориман. Шу боис айтишимиз жоизки, бизга университетлар керак, таълимни университетлар атрофида қуришимиз лозим. Соғлиқни сақлаш соҳасида рақамли тиббиётга эътибор қаратиш зарур. Аммо ҳар бир соҳанинг қашшоқликни қисқартириш бўйича ўз дастурлари бўлиши керак. Фикримча, субмиллий даражада ҳам ўзаро мулоқот қилиш муҳимдир.
2009 йилда Мексикада қашшоқлик кўп ўлчовли баҳолашни амалга оширган статистика гуруҳи раҳбари ўз ёндашувини тушунтириш учун Мексиканинг барча штатларига шахсан ташриф буюрди. 2021 йил ноябрь ойида Ҳиндистон биринчи бўлиб ўзининг кўп ўлчовли камбағаллик индексини жорий этди. Улар Ҳиндистоннинг ҳар бир штатига ва иттифоқ ҳудудига бориб, одамларга кўрсаткичлар тўғрисида маълумот берди. Нима учун ушбу кўрсаткичларни қабул қилиниши кераклигини, нега одамлар камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшадиган ишчи кучининг бир қисми бўлиши зарурлигини хоҳлашини тушунтирди. Шундай қилиб, кўп ўлчовли баҳолаш орқали ҳар бир ҳудуддаги камбағаллик даражаси тўғрисида аниқ тасаввур шакллантирилади. Бу кўрсаткичларнинг Тошкент учун хос кўрсаткичлар билан фарқи нимада? Самарқанд учун хос кўрсаткичлар билан фарқи-чи? Шунингдек, ривожланиш соҳасидаги шериклар билан мулоқот қилиш жуда фойдали восита. Чунки улар бошқа мамлакатларда кўп ўлчовли камбағаллик индекслари билан ишлаш тажрибасига эга. Лекин уларнинг ўз устувор йўналишлари ҳам мавжуд.
Болалар одатда аҳолининг энг камбағал қатламига киради. Шу боис, болалар муаммоларига алоҳида эътибор қаратиш, бунинг устида ишлаш учун бошқа муассасаларни жалб қилиш ҳам жуда муҳим.
Фикримча, тегишли ташкилотлар мунтазам равишда, бир марталик ахборот йиғилишида эмас, балки йилига икки марта ёки тез-тез йиғилиб, кўп ўлчовли қашшоқликни баҳолаш борасида нима ишлар амалга оширилгани тўғрисида ҳисоботлар бериши керак. Уларга масъулият юкланиши ва лойиҳанинг амалга оширилиши жараёни йиллар давомида кузатиб борилиши лозим. Якуний натижа турлича бўлиши мумкин, лекин баъзи мамлакатлар, шу жумладан, Хитой 2012 йилдан 2020 йилгача кўп ўлчовли қашшоқликни сезиларли даражада қисқартирди. Қишлоқ жойлардаги қашшоқликнинг барча кўринишларига барҳам берди. Ҳукумат камбағалликни қисқартириш бўйича туман даражасида, ҳудуд даражасида энг катта ютуққа эришганларга мукофотлар, ижобий рағбатлар тақдим этди.
Камбағаллик ҳолатида биз одатда саросимага тушиб қоламиз. ‘Бу ишлар менинг қўлимдан келмайди‘, деймиз. Аммо кимдир буни амалга оширса, у бизга туртки беради ва биз қандай қилиб ўз вазифамизни яхшироқ бажаришимиз мумкинлиги борасида мусобақа бошланади?
Шунингдек, бу тадбирларда қатнашадиган корхоналарга ҳам мукофотлар бериш керак. Баъзи корхоналар қашшоқлик ўлчовини ўзларининг қиймат занжири бўйича ўз ходимлари доирасида қўллайди. Дейлик, менинг ходимларимдан қайси бири камбағал деган савол қўяди. Шахсий ҳаётга аралашмаслик билан боғлиқ ахлоқий протоколларга қандай риоя қилишим мумкин? Қандай қилиб ёрдам берсам бўлади? Шундай қилиб, мен ўз ходимларимнинг бирдамлиги, самарадорлиги ва бир вақтнинг ўзида мамлакатимдаги қашшоқликни қисқартириш учун ўз ҳиссамни қўшаман. Фикримча, бу кичик қадамлар, лекин улар жуда амалий. Булар бошқа мамлакатларда натижа берган.
Изоҳ (0)