Ўзбекистондан шафтоли ва нектарин экспорти мавсуми сентябрь ойининг иккинчи ярми ёки учинчи ўн кунлигида тугайди. Охирги ўн кун ичида Ўзбекистондан шафтоли экспорти деярли кузатилмади, бу эса ушбу маҳсулот экспорт мавсуми тугаганини билдиради.
Ўзбекистондаги жорий шафтоли мавсуми нисбатан паст нархлар, ташқи бозорларга жўнатмалар кескин ошгани ва рекорд даражадаги экспорт тушумлари билан ажралиб турди. Бу ҳақда EastFruit хабар бермоқда.
2022 йил июнь ўрталарида Ўзбекистондан жорий шафтоли экспорти мавсуми муваффақиятли бошланган эди.
Ушбу маҳсулотларнинг биринчи партияларини жўнатиш май ойининг учинчи ўн кунлигида — биринчи улгуржи партиялар ички бозорда пайдо бўлган ўша даврда бошланган.
2022 йил май ойининг учинчи ўн кунлигида ва июнь ойининг биринчи ярмида Ўзбекистондан шафтоли экспорти ҳажми физик кўринишда 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 3 баравар кўп бўлди.
Бунга 2022 йилги оммавий йиғим-терим мавсуми бошида ушбу маҳсулотларнинг ички бозорда улгуржи нархлари кескин тушиб кетгани ёрдам берди.
Бундай нарх динамикаси ўтган йили кузатилган эди, бироқ бу йил оммавий шафтоли йиғим-терим мавсуми бошида нархларнинг пасайиш суръати 2021 йилга нисбатан анча юқори бўлди.
Ўзбекистонда шафтоли оммавий йиғим-теримининг жорий мавсуми июнь ойининг биринчи ўн кунлигида, ўтган йилга нисбатан қарийб бир ҳафта эрта бошланганди.
2022 йил июнь ойининг иккинчи ўн кунлигидан 10 июлгача Ўзбекистонда шафтоли улгуржи нархларининг бир хил пасайиш динамикаси кузатилди, бироқ ўртача улгуржи нархлар ўтган йилги даражадан 20-35 фоизга паст бўлди.
2022 йилги мавсумда Ўзбекистондан шафтоли экспорти ҳажмининг 99 фоиздан сал ортиғи Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари бозорларига жўнатилди.
Қолганлари импорт қилувчи давлатлар ўртасида тақсимланган: Туркманистон — 471 тонна, Тожикистон — 42 тонна, Мўғулистон — 14 тонна ва Бирлашган Араб Амирликлари — 4 тонна.
Изоҳ (0)