Нигерия президенти Муҳаммад Бухарий мамлакат жануби-шарқида қайиқ ағдарилиши оқибатида 76 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар бермоқда.
Ҳодиса Анамбра штатининг сув тошқинларидан вайрон бўлган туманида содир бўлган, ҳаддан ташқари тўла қайиқ бортида тахминан 85 киши бўлган. Бухорий воқеа жойига тез ёрдам хизмати юборилганини айтмоқда.
«Хабарларга кўра, штатнинг Огбару туманида сув тошқини оқибатида ичида 85 киши бўлган қайиқ ағдарилиб кетган, фавқулодда вазиятлар органлари эса қурбонлар сони 76 киши эканини тасдиқлаган», — дейилади президент офисида.
Расмий манбаларнинг айтишича, 10 киши ҳалок бўлган, 60 киши бедарак йўқолган. Анамбра штат фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбари 15 киши қутқариб олинганини маълум қилди.
Нигериядаги сув тошқинлари оқибатида 300 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 100 минг киши уй-жойидан айрилди. Қутқарув хизматлари маълумотларига кўра, бу 2012 йилдан бери мамлакатдаги энг даҳшатли сув тошқинидир.
Шунга ўхшаш қайиқ ҳалокатлари Нигерияда хавфсизлик стандартларининг пастлиги, тезликни ошириш, ҳаддан ташқари кўп одамлар бир қайиққа ўтириши ва денгиз ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик туфайли тез-тез содир бўлади.