Киевнинг Шевченко туманида ракета зарбаси оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, яна 24 нафар тинч аҳоли вакили яраланди. Бу ҳақда Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Ростислав Смирнов маълум қилди.
10 октябрь куни эрталаб Киевда ва Днепрда бир неча марта портлашлар содир бўлди. Киев мэри Виталий Кличко шаҳарга зарбалар берилганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Киев марказидаги Шевченко тумани ҳужумга учраган. Дастлабки маълумотларга кўра, ракеталардан бири Михаил Грушевский ҳайкали яқинига тушган, оқибатда шу ердан ўтиб кетаётган автомобиллар ёниб кетган.
Киевда метронинг қизил тармоғидаги ҳаракат тўхтатилган, метрополитеннинг барча бекатлари фуқаролар учун бошпана сифатида фойдаланилмоқда.
Шунингдек, Днепрда ҳам портлаш овозлари эшитилган. Шаҳарда ва вилоятда ҳаво тревогаси эълон қилинган.
Бундан ташқари, ОАВлар Украинанинг Хмельницкий, Житомир, Львов, Кременчуг, Кривой Рог, Тернополь шаҳарларидаги портлашлар ҳақида ҳам хабар бермоқда.
Сўнгги марта Киев июнь охирида ракета билан ўққа тутилганди. Ўшанда россиялик ҳарбийлар шаҳарга 14 та ракета ташлаган. Улардан бири Шевченко туманидаги кўп қаватли бинога бориб текканди. Оқибатда бир киши ҳалок бўлган, яна олти киши яраланганди.