Украина назорати остидаги Запорожье шаҳри 10 октябрга ўтар кечаси кенг кўламда ўққа тутилди. Бу ҳақда Запорожье вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Александр Старух маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, шаҳарга 10 га яқин ракета зарбаси берилган. Ҳужум оқибатида яна бир кўп қаватли турар жой биноси вайрон бўлган. Воқеа жойида қутқарувчилар ва шифокорлар ишламоқда.
Ўз навбатида, Запорожье шаҳар кенгаши котиби Анатолий Куртевнинг айтишича, бир нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Яна беш киши, жумладан, бир бола жароҳатланган. Куртев, шунингдек, зарбалардан вайрон бўлган уйнинг фотосуратларини эълон қилди.
Украина ҳукумати ҳужумда Россия ҳарбийларини айбламоқда.
Бу сўнгги бир ҳафта ичида Запорожьедаги яшаш жойларининг учинчи марта ўққа тутилиши. Шаҳар 6 ва 9 октябрь кунлари ҳам ўққа тутилган эди. Украина президенти Владимир Зеленский урушнинг 228-кун якунларига бағишланган видеомурожаатида 3 октябрдан бери Запорожьега қилинган ҳужумлар оқибатида камида 43 киши ҳалок бўлганини айтди.