Тожикистоннинг Қирғизистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Назирмад Ализода 8 октябрь куни ушбу мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинди, бу ҳақда Қирғизистон ТИВ хабарида айтилади.
«Тожикистон томонига Қирғизистон ТИВ матбуот котиби Чингиз Кустебаевнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги шахсий изоҳи юзасидан билдирган расмий норозилиги ўринсиз эканлиги билдирилди», — дейилади хабарда.
«Қирғизистон Республикаси демократик давлат ҳисобланади ва мамлакат асосий қонунига мувофиқ, ҳар бир фуқаро ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқига эга. Тожикистон томонидан танланган деструктив ёндашув маҳсулдор эмас ҳамда тинчлик ва хотиржамликни сақлаш имконини бермайди», — дея таъкидланади ТИВ хабарида.
Шунингдек, Қирғизистон Тожикистон томонидан тоқатсизлик ва миллатлараро душманлик кайфиятини юзага келтирмасликни талаб қилди ҳамда уни имзоланган баённомалар доирасида ўз мажбуриятларини ҳалоллик билан бажаришга чақирди.
Ундан бир кун аввал, 7 октябрь куни Тожикистондаги Қирғизистон элчиси республика ТИВга чақирилиб, унга Қирғизистон ТИВ матбуот котибининг изоҳлари юзасидан норозилик нотаси топширилганди.
Идора «Тожикистон томони Қирғизистон ТИВ матбуот котибининг бундай турдаги гапларини сиёсий маданиятнинг емирилиши ва оддий дипломатик ахлоқнинг йўқлиги белгиси сифатида баҳолайди», — деди.
«Қирғизистон ТИВ расмий вакилининг изоҳлари мамлакатнинг Тожикистонга нисбатан қуроли тажовузининг асл сабаблари ҳақидаги ёлғон таассуротларни жамоатчилик онгига сингдиришга бўлган беўхшов уринишлар ҳисобланади», — дейилганди хабарда.
Бишкекнинг норозилиги сабаби
Ўтган ҳафта Владимир Путин Эмомали Раҳмонни «Россия ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун» III даражали «Ватан олдидаги хизматлари учун» ордени билан мукофотлади.Бу Бишкекда норозиликка сабаб бўлди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чингиз Кустебаев шундан кейин дарҳол Facebook’даги саҳифасида Тожикистон раҳбариятининг хатти-ҳаракатлари«Марказий Осиё мамлакатлари халқлари ўртасидаги тинчлик ва тотувликка путур етказаётгани» ҳақида ёзди. Ва унинг мукофотланиши «асосли равишда таажжубни келтириб чиқариши»ни айтди.
Шунингдек, қирғизистонлик депутат Женишбек Токторбаев Facebook’даги саҳифасида Путинга мурожаат қолдирди. «Биз, Қирғизистон халқи тушуна олмаяпмиз, Тожикистоннинг Қирғизистонга тажовузкор қуролли ҳужумидан кейин, агрессорни нима учун медал билан тақдирлаяпсиз?» — деб ёзди у.