Ижтимоий тармоқда «Самарқандда катта жиноятчилар ушландими?» сарлавҳаси остида видео тарқалди. Унда ИИБ ходимлари бир неча фуқароларни куч ишлатиб хизмат машинасида ўтқазаётгани, улардан бири қочишга урингани акс этган. Вилоят ИИБ матбуот хизмати видеодаги ҳолатга аниқлик киритди.
Унда айтилишича, 26 сентябрь кунидан 27 сентябрь кунига ўтар кечаси Самарқанд шаҳри ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида тунги хизматга жалб этилган вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати бўлинмалари патруль-пост хизмати батальони ходимлари Самарқанд шаҳрининг Ибн Сино ва Дахбет кўчаларида хизмат олиб бораётган вақтида, банк рўпарасида турган фуқаро белгиланмаган жойда тамаки маҳсулотини истеъмол қилаётганини кўрган.
Унга жамоат жойда чекмаслиги тушунтирилган вақтда фуқаро ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, уларга бақириб, икки нафар шериги билан ходимларга фаол қаршилик кўрсатган.
Қўшимча кучлар етиб келгандан сўнг фуқаролар Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 9-сон ИИБга олиб борилиб, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194 (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддалари (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш)га асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун суд органларига юборилган.
Изоҳ (0)