Ўзбекистонда ўтган бир йилда малака тоифасига эга бўлган ўқитувчилар сони қарийб 303 минг нафарга етиб, бу жами педагогларнинг 62,5 фоизини ташкил этмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 2021 йилда бу кўрсаткич 45,2 фоизни ташкил қилган бўлса, уч йил олдин 30 фоизга ҳам етмаган. Шунингдек, 2022 йилда олий ва биринчи малака тоифасига эга ўқитувчилар сони салкам 143 минг нафарга, яъни 30,1 фоизга етгани ҳолда олий малака тоифасига эга ўқитувчилар улуши 9,1 фоизни ташкил этмоқда. 2021 йилда бу кўрсаткич 5,7 фоиз бўлган.
Ўз навбатида, халқ таълими тизимида фаолият юритаётган ўрта маълумотли ўқитувчилар улуши ҳам 9,5 фоиздан 7,3 фоизга камайган.
Бу ҳам мактабларда олий маълумотли ўқитувчилар сафи йилдан йилга кенгайиб, педагог касбининг нуфузи ошиб бораётганига далилдир. 2021 йилдан хорижий тиллар ўқитувчиларига халқаро сертификат бериш тизими жорий қилиниб, уларнинг ўз билимини исботлаши асосида шаффоф тарзда ойлик маошини қўшимча ошириш имкони берилди. Бу эса ўтган қисқа даврда халқаро стандартларга жавоб берадиган чет тил ўқитувчилари сони деярли уч баробар ошишига туртки бўлди.
Изоҳ (0)