Uzbekistan Airways’нинг 2022 йилнинг биринчи ярмидаги умумий даромади 5 трлн сўмни ташкил этди. Бу ҳақда «Дарё»га компания молиявий ҳисоботидан маълум бўлди.
Маълум бўлишича, Uzbekistan Airways қарийб 1 трлн сўм даромадни валюта курси фарқидан олган. Худди шу фарқдан 1,5 трлн сўмга яқин зарар ҳам кўрилган.
Компаниянинг соф фойдаси январь—июнь ойларида 194,3 млрд сўм ташкил қилди. Таққослаш учун, ўтган йилнинг шу даврида компания 8,5 млрд сўм зарар кўрган эди.
Фойданинг кескин ўсиши Ўзбекистон ва жаҳонда пандемия билан боғлиқ чекловларнинг юмшатилгани билан изоҳланади.
Август ойи охирида Uzbekistan Airways авиачипталарни қайта расмийлаштириш хизматини йўлга қўйган эди.
Аввалроқ Ўзбекистонда йил бошидан бери маҳаллий парвозлар нархи сезиларли даражада ошгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)