АҚШда стратегик нефть захиралари ўтган ҳафтада 8,4 миллион баррелга қисқариб, 434,1 миллион баррелга етди. Бу АҚШ Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 1984 йил октябрь ойидан бери энг паст кўрсаткичдир, дея хабар бермоқда «РБК».
Қўшма Штатлар баҳордан бери стратегик нефть захираларидан фаол фойдаланмоқда. Мамлакат президенти Жо Байден март ойида шундай қарор қабул қилган эди.
Оқ уй режасига кўра, олти ой ичида заҳирадан кунига 1 миллион баррелга яқин, жами 180 миллион баррелга яқин нефть олиниши керак эди.
АҚШ ҳукумати бу қарорни мамлакатда ёнилғи нархининг юқорилиги ва инфляциянинг кескин ўсиши шароитида қабул қилди.
Энергетика вазири Женнифер Гранҳолм Reuters агентлигига маълум қилишича, ушбу дастур бўйича ёнилғидан фойдаланиш октябр ойида якунланиши керак. Оқ уй сентябр ойи охирида муддатни узайтириш имкониятини ўрганмоқда.
Аввалроқ АҚШда нефть маҳсулотлари экспорти ўтган ҳафтада рекорд даражага етгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)