Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги қарорлари 11 сентябрь куни эълон қилинди.
«Насаф» устози Рўзиқул Бердиев Суперлига 17-туридан ўрин олган «Локомотив»га қарши ўйиндаги ҳаракатлари учун учта ўйинга дисквалификация қилинган.
Мутахассис ўйиндан кейин ҳакамга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатган ва уни туртиб юбориб, оммавий тартибсизлик келиб чиқишига сабабчи бўлган.
«Сурхон» бош мураббий Анхель Лопес «ОКМК»га қарши ўйиндаги ҳаракатлари учун жаримага тортилган. Испаниялик мутахассис рақиб жамоа устози Миржалол Қосимов қўл узатган вақтда «Но респеcт» дея бақирган ва «ОКМК» маъмурининг бел қисмидан туртиб юборган.
Ўзбекистон Кубоги чорак финали доирасидаги «Насаф» — «Локомотив» учрашувидаги тартибсизликларга сабабчи бўлган Кахи Махарадзе, Асилбек Омонов (иккиси «Локомотив») ҳамда Азамат Сойибов, Умиджон Эргашев («иккиси Насаф») жаримага тортилган.
«Навбаҳор» ва «Пахтакор» ўртасидаги кубок ўйинида тартибсизлик келтириб чиқарган мезбонлар футболчиси Даврон Раҳимов ҳам жаримага тортилган.
Изоҳ (0)