Европа Иттифоқи Кенгаши Россия билан соддалаштирилган виза режимини тўхтатиш қарорини маъқуллади. Бу ҳақда ЕИ Кенгаши сайтидаги баёнотда айтилган.
Тегишли ҳужжат 9 сентябрь куни Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилади. Қарор 12 сентябрдан кучга киради. Бундан буён Россия фуқаролари виза кодексининг умумий қоидаларига бўйсунади.
Жумладан, Шенген визасига мурожаат қилиш учун консуллик бадали 35 дан 80 еврогача ошади, шунингдек тақдим этиладиган ҳужжатлар сони, визаларни расмийлаштириш ва бериш шартлари ортади.
Қайд этилишича, ўзгаришлар Европа Иттифоқига қисқа муддатга келаётган саёҳатчиларга таъсир қилади. Европа Комиссияси ушбу қарор билан боғлиқ ҳолда чекловлар ЕИга зарурий мақсадларда келувчи одамларга, жумладан ЕИ фуқароларининг оила аъзолари, журналистлар, диссидентлар ва фуқаролик жамияти аъзоларига таъсир қилмаслигини таъминлаш учун қўшимча кўрсатмалар бериши керак.
2007 йил 1 июнда Европа Иттифоқи ва Россия ўртасида визани соддалаштириш тўғрисидаги битим кучга кирган эди. У ўзаро асосда қисқа муддатли визалар беришни осонлаштириш мақсадида қабул қилинган. Россиянинг Украинага бостириб кириши фонида ЕИ россияликларга Шенген визаларини беришни чеклашга қарор қилди.
2022 йил 31 август куни Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Россия Федерацияси фуқароларига визани соддалаштирилган тартибда беришни бекор қилишга келишиб олди. Шу билан бирга, улар россияликларга виза беришни тўлиқ тақиқлаш (буни кўпроқ Россия билан чегарадош Европа давлатлари талаб қилмоқда) бўйича келиша олмаган. Шу сабабли, Эстония, Латвия, Литва ва Польша 19 сентябрдан бошлаб Шенген туристик визаси бўлган россияликларнинг киришини мустақил равишда тақиқлашга қарор қилди.
Мавзуга доир: Россияликларнинг Грузияга кириши оммавий тақиқлана бошлади