Руминия ҳарбий кемаси Қора денгизда оқим бўйлаб сузиб юрган минага тегиб, портлаб кетди, деб ёзади «РБК» мамлакат Ҳарбий-денгиз кучлари матбуот хизматига таяниб.
Идора маълумотларига кўра, «Лейтенант Димитрие Николеску» кемаси 8 сентябрь куни минани зарарсизлантириш бўйича миссияни амалга ошириш учун Констанса портидан чиқиб кетган. Уни GSP Falcon кемаси Констанса портидан тахминан 46 км узоқликдан топган.
ОАВларга қараганда, ҳарбий мина бўлган ҳудудда об-ҳаво шароитлари ёмонлашгани сабабли ҳарбий ғаввослар вазифани бажара олмаган. Охир-оқибат, тунда кема мина билан тўқнашиб кетган, унинг дум қисмида ёриқ пайдо бўлган.
Кемада 75 нафар ҳарбий хизматчидан иборат экипаж бўлган. Reuters хабарига кўра, уларнинг ҳеч бири жабрланмаган.
Руминий ҳарбийлари март охирида ҳам оқим бўйича сузиб юрган денгиз минасини аниқлаган эди. Шундан кейин мамлакат Ҳарбий-денгиз кучлари штаб бошлиғи мина топилган майдонни разведка қилишни топширди ва, охир-оқибат мина йўқ қилинди. Қора денгизда Руминиядан ташқари, Туркия ва Болгария ҳарбийлари ҳам миналарни зарарсизлантирган.