Украина Қуролли кучлари мамлакат жануби ва шарқида кенг кўламли қарши ҳужумни амалга ошириб, куз бошидан буён минг квадрат километрдан ортиқ майдондаги ўнлаб аҳоли пунктларини озод қилди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский урушнинг 197-кун якунлари бўйича халққа мурожаатида айтиб ўтди.
Давом этаётган мудофаа операциялари доирасида бизнинг қаҳрамонларимиз аллақачон ўнлаб аҳоли пунктларини озод қилган. Бугун эса ушбу ҳаракат давом этди, янги натижалар бор. Умуман олганда, 1 сентябрдан буён минг квадрат километрдан ортиқ ҳудудимиз озод қилинди. Бунга таъминлаган барчага раҳмат!» — деди у.Мурожаатдан аввал Зеленскийнинг Telegram-каналида украиналик ҳарбийлар Харьков вилоятидаги Балаклея шаҳри устидан назорат ўрнатгани айтилган видео эълон қилинди.
«Ҳамма нарса ўз ўрнида. Украина байроғи озод Украина осмони остидаги озод украин шаҳрида!» — дея ушбу видео остига изоҳ ёзган Зеленский.
Украина Қуролли Кучлари Бош штаби ҳам 9 сентябрь куни эрталабки ҳисоботида Балаклея туманига ҳужум ҳақида илк бор хабар берган.
«Мудофаа кучлари Харьков йўналишида муваффақиятли қарши ҳужумни амалга оширмоқда. Украина Қуролли Кучларининг моҳир ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлари туфайли маҳаллий аҳоли кўмагида улар уч кун ичида қарийб 50 километр масофани босиб ўтди. Разведка маълумотларига кўра, душманнинг алоҳида бўлинмалари катта йўқотишларга учраган. Босқинчилар Олховатка ва Бородоярское аҳоли пунктлари ҳудудларидан ярадорлар ва шикастланган техникаларни эвакуация қилишга ҳаракат қилмоқда», — дейилади Бош штаб баёнотида.
Юқорида тилга олинган иккала аҳоли пункти ҳам Украинанинг Харьков вилояти Балаклея туманида жойлашган.