Тадбиркорлик энг муҳим соҳалардан бири. Давлат тадбиркорларга кенг ва қулай имконият яратиши, уларнинг ривожланишига ёрдам берувчи қонунлар қабул қилиши керак. Қабул қилинаётган қонунлар тадбиркорларга фойдали бўлиши учун уни замон талабларига мослаш ҳамда Тартибга солиш таъсири таҳлилидан фойдаланиш ҳам талаб этилади. Шу билан бирга қонун лойиҳаси муҳокамаларига бизнес ҳамжамиятини жалб қилиш ниҳоятда муҳим, негаки бу мамлакатда қабул қилинаётган қонунларнинг сифатини оширишга ёрдам беради.
Тартибга солиш таъсири таҳлили ўзи нима?Тартибга солиш таъсири таҳлили (ТТТ) — таклиф этилаётган ва амалдаги меъёрий ҳужжатларнинг ижобий ва салбий таъсирини баҳолашга тизимли ёндашувдир.
Бу технология кўра қонун лойиҳаси бешта асосий саволга жавоб бериши керак:
- Қонун қайси муаммони ҳал этади ва бу муаммо нега пайдо бўлди?
- Агар ҳукумат ҳеч қандай чора кўрмаса нима содир бўлади?
- Ҳукумат хатти-ҳаракатларининг оқибатлари қандай бўлади?
- Нега таклиф этилган ечим энг яхшиси? У мамлакат учун энг кам чиқим билан муаммони ҳал эта оладими?
- Ҳукумат меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатни самарали жорий эта оладими?
ТТТ ҳукуматларнинг ўзгарувчан ва мураккаб иқтисодий дунёда тадбиркорлик соҳасини самарали ва таъсирчан тартибга солишни таъминлаш қобилиятини кучайтириши мумкин.
Мисол сифатида АҚШнинг Калифорния штатида ТТТ ўтказилмасдан туриб, автомобилларни бошқаришда мобил телефондан фойдаланишга қўйилган тақиқни келтириш мумкин (бу тақиқ Ўзбекистонда ҳам бор). Бир нечта тадқиқотлардан олинган маълумотларга кўра, автомобиль бошқараётиб мобил телефондан фойдаланиш авария содир бўлиш хавфини оширади.
Одамлар рулда мобил телефондан фойдаланиши ортидан йўллардаги авариялар сони ошмоқда, дея хулоса қилинган. Калифорнияда муаммони синчиклаб ўрганган мутахассислар хулосасига кўра, муаммонинг чораси сифатида автомобилни бошқариш давомида мобил телефондан фойдаланиш тақиқланган.
Бироқ ушбу тақиқ амалда ишламаган. Авариялар сони камайишига олиб келмаган.
Айрим маълумотлар рулда телефонда гаплашиш авария хавфини кучайтиришини таъкидлаётганди. Тақиқ ортидан биз авариялар сони камайишини кутгандик. Автомобильни бошқариш чоғида уяли телефондан фойдаланиш даражаси камайган бўлса-да, унинг натижа бермагани ажабланарли. Айни пайтда бу номутаносибликнинг сабабларини аниқлаш учун маълумотлар тўплаяпмиз», — деган Калифорния йўл ҳаракати хавфсизлиги суғурта институти президенти Адриан Ланд.Энди ТТТ билан қабул қилинган ечимга мисол келтирсак. Уй шароитида флаконларда сақланаётган турли дори-дармон воситалари ёш болалар томонидан истеъмол қилиниши уларнинг ўткир заҳарланиши, ҳаттоки, ўлимига олиб келган. Сабаби дорилар ёрқин идишларда сақланади, уларнинг ўзи ҳам турли туман ёрқин рангларда. Болалар бу дориларни конфет ёки ширинлик деб ўйлаши мумкин.
ТТТни қўллашдан кўзланган мақсад: 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида дори-дармонлар ва таблеткалардан заҳарланиш ҳолатларини камайтириш.
Тартибга солиш туфайли ечиладиган муаммо: дори солинган флаконларнинг осонгина очилиши.
Тартибга солувчи ечим: қопқоғи ёш болалар томонидан очилиши қийин бўлган флаконлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўлган.
Тартибга солиш таъсири таҳлили Ўзбекистонда
Ўзбекистонда сўнгги йилларда тадбиркорликка оид кўплаб қонунлар қабул қилинмоқда. Аммо уларнинг барчасини ижобий таъсирга эга бўляпти дейиш қийин, чунки ҳозирда ўзбек қонунчилиги ТТТ тизимидан кенг фойдаланаётгани йўқ.
Бу борада ҳаракатлар бошланган, лекин ҳали охирига етказилмаган. 2021 йилда Ўзбекистон президентининг «Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Қарорга кўра, 2023 йил 1 январдан:
- хўжалик юритувчи субъектларга янги чекловлар ва янги турдаги рухсат бериш тартиб-таомиллари, лицензиялар жорий қилиш ёки мавжуд чеклов, рухсат бериш тартиб-таомиллари ва лицензияланадиган фаолият турларини бозор иштирокчиларининг янада кенгроқ доирасига татбиқ қилиш;
- рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни ёки лицензияларни олиш учун қўшимча талаблар ва шартларни жорий этиш;
- юридик шахслар устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан талабларни ошириш;
- хўжалик юритувчи субъектларнинг белгиланган ҳуқуқларини қисқартириш (камайтириш) ёки уларга қўшимча мажбуриятлар ёхуд қўшимча харажатлар жорий қилиш;
- хўжалик юритувчи субъектларга ҳар қандай турдаги имтиёз, кафолат, преференцияларни белгилаш, шунингдек, янги ҳуқуқлар, шу жумладан эксклюзив ҳуқуқларни бериш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари «Ақлли тартибга солиш» тизимидан ўтказилиши керак.
Дунёнинг кўплаб давлатларида бу тизим анча олдиндан қўлланиб келинмоқда. Жумладан, бу тизим илк бор ишлаб чиқилган АҚШда ундан 1978 йилдан бери фойдаланиб келинади. Тартибга солиш таъсири таҳлили Жаҳон банки томонидан ҳам кенг тарғиб қилинмоқда, бу эса унинг кенгайишига ёрдам беряпти.
Марказий Осиё давлатларидан Қирғизистонда 2007 йилдан буён ТТТ қоидаларига амал қилиб келинаётган бўлса, иқтисоди анча мустаҳкам Қозоғистон 2014 йилдан бошлаб ТТТни амалиётга киритган.