Германия канцлери Олаф Шольц Лиз Трассни Буюк Британия бош вазири этиб тайинлангани билан табриклади ва уни Берлинга таклиф қилди. Бу ҳақда Германия ҳукумати вакилига таяниб, «РБК» хабар берди.
«Улар долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди. Канцлер британиялик ҳамкасбига тез орада инаугурацион ташриф билан Берлинга келишни таклиф қилди», — деди Германия ҳукумати вакили.
Трасс 5 сентябрь куни бўлиб ўтган овоз беришда Британия Консерватив партияси раҳбари ва янги бош вазир бўлган эди. Унга Консерватив партия аъзоларининг 57,4 фоизи овоз берган — унинг рақиби, собиқ молия канцлери Риши Сунак эса 42,6 фоиз овоз олган. Сайловлар Борис Жонсон истеъфога чиққанидан сўнг қатор жанжаллар ҳамда ҳукумат аъзоларининг истеъфолари фонида бўлиб ўтди.
Бунга қадар Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари лавозимини эгаллаб келган Трасс Украинага ёрдамни давом эттиришга, Россия ва Хитойга нисбатан сиёсатни юмшатишга ва энергия нархининг кескин ошиши шароитида британияликларни қўллаб-қувватлашга ваъда берди. Янги лавозимдаги биринчи нутқида у электр энергияси нархининг ошишига қарши кураш чораларини кўришига ишонтирди.
Трасс лавозимга киришганидан сўнг қўнғироқлашган биринчи хорижий етакчи Украина президенти Владимир Зеленский бўлди. Зеленский уни лавозимга тайинлангани билан табриклаб, Украинага таклиф қилди. Трусс таклифни қабул қилди.
Кремль бош вазир алмашганидан кейин Лондон билан муносабатлар яхшиланишини кутмаётганини маълум қилган.
Изоҳ (0)