Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатларига Россия газига нарх чегараси жорий этишни таклиф қилишини айтди. Бу энергия инқирозига қарши кураш чораларидан бири бўлади. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар бермоқда.
Бошқа таклифлар орасида ЕИда тиғиз соатларда электр энергияси истеъмолини камайтириш ва энергия компаниялари даромадларини чеклаш бор.
Фон дер Ляеннинг сўзларига кўра, Украинадаги урушдан олдин ЕИ томонидан импорт қилинадиган барча газнинг 40 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келган. Энди бу кўрсаткич 9 фоизга тушди.
Биз Украинага қарши урушни молиялаштириш учун фойдаланиладиган Россия даромадларини қисқартиришимиз керак, — деди Еврокомиссия раҳбари.
Урсула фон дер Ляеннинг фикрича, Россия энергетика бозорларини манипуляция қилмоқда, шунинг учун Европа давлатлари газ учун ҳаддан ташқари баланд нархларга дуч келмоқда.
Март ойидан бери ЕИ Россия газининг импорт нархини чеклашни муҳокама қилмоқда. Италия Россиядан газнинг максимал нархини 1 МВт/соат учун 90 евро миқдорида жорий этишни таклиф қилди, аммо Bloomberg маълумотларига кўра, баъзи давлатлар бунга шубҳа билан қарамоқда.
Аввалроқ G7 давлатлари Россия нефтига юқори нарх чегарасини жорий этишга қарор қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)