Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов бошчилигидаги делегация Брюсселга ташриф доирасида 6 сентябрь куни Бельгия ташқи ишлар, Европа ишлари, ташқи савдо ва федерал маданият муассасалари вазири Ҳажа Лаҳбиб билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда ТИВ ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, музокараларда Ўзбекистон ва Бельгия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинган. Сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар ўсиб бораётгани қайд этилган.
Икки томонлама мулоқотни жадаллаштириш, жумладан, турли даражадаги ташрифларни ташкил этиш, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида маслаҳатлашувларни ўтказиш, халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлашнинг муҳимлиги кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон ва Бельгия барча йўналишларда алоқаларни жадаллаштиришга тайёрлиги билдирилган. Жорий йил охирида Тошкентда икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги даврасини ўтказиш масаласини ишлаб чиқиш юзасидан келишиб олинган.
Бельгия ташқи ишлар вазирлиги раҳбарига Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида ахборот тақдим этилган. Конституциявий ислоҳотлар жамоатчилик фикри ва таклифларини, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини, шунингдек, хорижий экспертларнинг баҳоларини ҳисобга олган ҳолда очиқ, шаффоф ва эркин жамоатчилик муҳокамаси шароитида амалга оширилаётгани таъкидланган.
Изоҳ (0)