Фарғонада илк бор тўхтаб турган юракда аорта клапинини протезлаш жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, мураккаб жарроҳлик амалиёти Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалида Тошкентдан келган малакали кардиохирурглар ва фарғоналик шифокорлар томонидан ўтказилган.
«Ушбу мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун муассасада барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Германияда ишлаб чиқарилган ‘Штоккерт’ сунъий қон айлантириш аппарати республикамизда саноқли. У жарроҳлик амалиёти вақтида бемор юраги тўхтатилгач, вақтинча юрак вазифасини бажаради», — дейди филиал директори Баҳодир Мамажонов.
Жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморни юрак клапанлари яхши ишламаслиги натижасида нафас қисиши, чарчоқ, кўкрак қафасидаги оғриқлар ва юрак етишмовчилиги безовта қилган. Ушбу асоратларни бартараф этиш, беморни соғлом ҳаётга қайтариш мақсадида вилоятда илк бор тўхтаб турган юракда аорта клапини протезлаш жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
Таъкидланишича, ҳозирги кунда беморнинг аҳволи яхшиланган, даво муолажалари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, йил бошидан буён Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалида 9 нафар беморда аорта-коронар шунтлаш операциялари ўтказилган. Июнь ойида юрак қон томир жарроҳлик ва микрохирургия бўлими врачлари томонидан тўрт нафар беморда коротид эндартеректомия жарроҳлик амалиёти муваффақиятли олиб борилган ва ушбу беморларнинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Изоҳ (0)