4 сентябрь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари яшайдиган кўп қаватли турар жой биносида содир этилган теракт, биринчи марта эфирга кетган «Нима? Қаерда? Қачон?» телевизион интеллектуал ўйини ва Ироқда 14 ёшли қизчани зўрлаб, ўлдирган америкалик аскарларга оид фактлар ўрин олган.
Россиядаги турар жой биносида амалга оширилган терактга 23 йил тўлди
Бундан роппа-роса 23 йил олдин, 1999 йилнинг 4 сентябрида Доғистоннинг Буйнакск шаҳрида замонавий Россия тарихидаги биринчи турар жой биносида портлаш амалга оширилиб, теракт содир этилган. Соат 21:45 да ичига алюминий кукуни ва аммиакли селитрадан тайёрланган 2700 килограмм портловчи модда жойлаштирилган «ГАЗ-52» юк машинаси Шоҳсаид кўчасидаги беш қаватли 3-уй олдида портлатилган. Ўша вақтда у ерда Россия Мудофаа вазирлигининг 136-мотоўқчи бригадаси ҳарбий хизматчилари истиқомат қиларди.Портлаш вақтида ҳарбий хизматчиларнинг аксарияти хизматда бўлган, шу сабаб қурбонларнинг аксариятини аёллар ва болалар ташкил этган. Жами 64 киши вафот этган бўлиб, уларнинг 23 нафари болалардир, шунингдек, 146 киши жароҳатланган.
Яҳё Мидеев исмли ҳарбий хизматчининг аёли ҳам портлашда ҳалок бўлган: оиланинг квартираси том маънода иккига бўлиниб кетган. Ўғиллари ва қизининг омади чопган — улар уйнинг омон қолган қисмида бўлган.
«Омборда юкларни тушираётган эдик. Кучли портлаш юз берди. Биз қаердадир ҳарбий қисмда портлаш бўлди шекилли, дея ўйладик. Битта прапоршикни у ерга нима бўлганини билиб келиши учун юбордик. У кўриб келиб, ‘Тез кийининглар, уйларингни портлатишди’, деди.
Югуриб бордим, аммо у ерга яқинлашиб бўлмасди: қоронғи, чанг. Кейин госпиталга бордим. У ерда меникилар йўқлигини айтишди. Шифохонага чопдим, хотиним моргда экани маълум бўлди. Фарзандларим эса палаткада эди», — дейди Мидеев.
Афтидан, террорчилар иккита портлашни амалга оширмоқчи бўлган: иккинчи «ЗИЛ-130» юк машинаси биринчи портлашдан икки соат ўтиб аниқланган ва портлашнинг олди олинган. Терговнинг ҳисоблашича, теракт расмий версияларга кўра Москва Волгодонскдаги портлашларни амалга оширган ноқонуний қуролли тузилма «Кавказ ислом институти» томонидан ташкиллаштирилган.
Терактга алоқадор саккиз киши судланган. Исо Зайнутдинов (унинг ҳужжатлари иккинчи юк машинасидан топилган) ва Алисултон Солихон умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган, Зиёвуддин Зиёвуддинов эса 24 йилга қамалган, яна беш кишига нисбатан уч йилдан тўққиз йилгача қамоқ жазоси тайинланган.
Айрим россиялик ва халқаро экспертларнинг фикрича, Буйнакск, Москва ва Волгодонскдаги терактларда Россия махсус хизматларининг қўли бўлиши мумкин. Буйнакск аҳолиси ушбу версияга ишонмайди.
Ҳозирги кунда Буйнакскдаги терактни фақат қурбонлар хотирасига қўйилган ёдгорлик эслатиб туради: унинг ёнида масжид ҳам қурилган. Бундан 23 йил олдин Буйнакскдаги мазкур теракт Россияда 1999 йилнинг сентябрида содир бўладиган тўртта терактнинг биринчиси эканини ҳеч ким тахмин қилмаган.
Доғистондан кейин 8 сентябрда Москванинг Гурянов кўчасида портлаш юз берган. Ундан кейин 13 сентябрда Каширов шоссесидаги уйда, 16 сентябрь куни эса Ростов вилоятининг Волгодонск шаҳрида шу каби теракт содир этилган: у ерда ҳам портловчи қурилмалар ўрнатилган «ГАЗ-53» юк машинасидан фойдаланилган«Нима? Қаерда? Қачон?» телевизион интеллектуал ўйинининг биринчи сони
«Нима? Қаерда? Қачон?» — совет ва Россия интеллектуал телевизион ўйини бўлиб, олти кишидан иборат билимдон бир дақиқа давомида телетомошабинлар томонидан тайёрланган саволга тўғри жавоб бериши керак. Ҳар бир жавоб учун томонларга очколар берилади. Мазкур телеўйинга режиссёр Владимир Ворошилов ва муҳаррир Наталия Стеценко томонидан асос солинган. Кўрсатувнинг биринчи сони 1975 йилнинг 4 сентябрида эфирга кетган. Ўйин қоидалари ҳозирги «Нима? Қаерда? Қачон?»дан фарқ қилган. Ўйин шу қадар машҳурликка эришганки, оригинал телевизион ўйиндан ташқари, унинг спорт версияси яратилган.
Ўйин биринчи бор эфирга кетганида ҳеч қанақа магистрлар, қора қутилар ва мусиқали танаффуслар бўлмаган. Москвадан бўлган икки — Ивановлар ва Кузнецовлар оиласи ўзаро беллашган. Аввалига уларнинг бирига 10 та савол, кейин иккинчисига яна шунча савол ёзиб олинган. Ҳар бир дастурда оилавий хроника мавжуд бўлган, яъни бу кўпроқ «Ҳамма уйдалигида» кўрсатувига ўхшаб кетган. Ҳозирги кунда эса «Нима? Қаерда? Қачон?» кўрсатуви — анъаналарига риоя қилувчилар, обрўли ҳомий ва катта пул мукофотларига эга элитний клубга айланган.
Эрталаб китоблар — кечга пуллар
«Росатом» корпорацияси ва йирик банклар ҳозирга келибгина билимдонлар ҳамда томошабинларни йирик пул миқдори билан мукофотлаб келмоқда. СССРда эса пулга эмас, китоблардан иборат мукофотга хурсанд бўлишган. 1991 йилнинг кузида билимдонларга пул ўрнига китоблар берилган. 90 йиллар бошига келиб, интеллектуал клуб «казино»га, бошловчи эса крупега айланган.Кўрсатувнинг шиори: «Интеллектуал казино — пулни ўз билимингиз билан ишлаб топиш мумкин бўлган ягона жой». Даставвал мукофот миқдори телефон орқали овоз беришлар орқали аниқланган — 1985 йилда Эфиопияда очликда азият чекаётганлар учун ташкиллаштирилган Live Аид концерти каби. «ЧГК» ҳар бир қонғироқ учун танланган савол ҳисобига 1 рублдан қўшилган. 2008 йилда саволлар муаллифлари телетомошабинлар бўйича ўз жамоаларига келтирган очколарига мос равишда пул ола бошлаган: биринчиси учун — 10 минг рубль, иккинчисига — 20 минг рубль, олтинчи, ғалабали очкога эса 60 минг рубль.
Радик амакиларга қарши
Юбилей ўйинида телетомошабинлардан бири «ЧГК» студиясида планшет кўринишидаги ноодатий конвертни олиб келган. У конвертни Кировдаги бир устада кўриб қолган. Савол қуйидагича: «У қандай уста ва унинг олдига нима мақсадда келишади?». Балаш Касумов жамоаси узоқ вақт бош қотирган ва охир-оқибат нотўғри жавоб берган: «Пойабзал устаси — чармнинг рангини аниқлаш учун».Тўғри жавоб эса жуда оддий бўлиб чиққан: «Бу блокнот татуировка чизадиган устанинг блокноти бўлиб, шу орқали у тасвир терига қандай тушишини томоша қилган». Радик Хабибуллин исмли телетомошабин ушбу саволи учун 506 минг рубль олган ва клубнинг 40 йиллиги муносабати билан чиздирган татусини намойиш этган.
Ҳозирга қадар энг йирик мукофот пули 710 минг рублни ташкил этган. 2008 йилда уни ўша Радик Хабибуллин қўлга киритган. Йилнинг энг яхши ўйини ва Алёна Повишева жамоасини танг аҳволга солиб қўйган Денис Мацуев ҳақидаги савол билан: «Менда ҳар куни қандайдир мусиқа янграйди — хоҳ саҳнада бўлсин, хоҳ тушда. Албатта, кундалик ҳаётимда ҳам. Деярли ҳар куни иккинчи октавадаги ми-бемолни эшитаман ва шу ондаёқ тинчланаман. Агарда ми-бемол ўрнига ре-бекар, до-диэз, до-бекар, си ва, Худо кўрсатмасин, си-бемолни эшицам, хавотирланишни бошлайман». Радик сўрайди: «Денис Мацуевни нима, қаерда ва қачон ташвишга солади?».
Билимдонлар тўғри жавобни топа олмаган, жавоб қуйидагича: пианист ҳар йили самолётда 300 соатдан ортиқ парвоз қилади. Шу сабабли у самолёт двигателининг товушларини нотага айлантирган. Нормал ҳолатда учаётган самолёт двигатели — иккинчи октавадаги ми-бемол бўлади, қолгани эса Мацуевни хавотирга солади.
Савол натижасида Радик 710 минг рублни қўлга киритган — 60 минг савол учун, 150 минг рубль — ушбу ўйиннинг энг яхши телетомошабини сифатида ва яна 500 минг рубль «Нима? Қаерда? Қачон?»нинг кузги мавсумини энг яхши ўйинчиси сифатида. Хабибуллинга «Биллур укки» берилган.
«Овоз» шоуси
Афтидан, айнан Владимир Ворошилов энг қизиқарли парадоксни пайдо қилган — бутун мамлакатга овози, кейин эса ўзи танилган. «Нима? Қаерда? Қачон?» бошловчиси кўрсатувни юқоридан туриб, инкогнито режимида ўзини таништирмаган ҳолда олиб борган. Шундай буён ўйин крупесига исмини айтмасдан, «ҳурматли бошловчи» деб мурожаат қилишади. Бунинг креатив ёндашувга умуман боғлиқлиги йўқ бўлиб, балки зарурат туфайли юзага келган: Ворошиловнинг «Аукцион» номли муаллифлик дастури Сиёсий бюронинг топшириғи билан эфир вақтида бардлар — Александр Галич, Владимир Висоцкий, Юрий Визборнинг қўшиқлари остида «савдо» қилгани сабаб тақиқланган.Шунинг учун Владимир Яковлевични кўрсатиш тақиқланган. 1980 йилдагина бошловчининг исм ва фамилияси эфирда тилга олинган. 2001 йилда Ворошиловнинг ўлимидан сўнг дастурга бунга қадар «Бир қарашда муҳаббат» дастурида ишлаган ўгай ўғли бошловчилик қилган.
У билан «Овоз» шоуси давом этган — Крюкнинг компьютерда қайта ишланган овози аноним янграган.
«Волчок» ва укки
«Нима? Қаерда? Қачон?» дастурининг заставкасида узоқ йиллардан буён уккини кўриш мумкин. Аниқроғи, у Фома лақабли укки. У ўйинга 1977 йилда олиб келинган бўлиб, «Госкино» ҳайвонот базасидан топилган. Қуш бутун кўрсатув давомида қимирламай ўтирган ва шундан буён дастур рамзига айланган. 1984 йилда клубнинг энг яхши ўйинчиларига «Биллур укки» топшириб келинади. 2002 йилдан эса йил давомида энг яхши натижага эришганларга «Бриллиант укки» берилади.Ўйиннинг яна бир ўзига хос жиҳати — Волчок — 1976 йилда, ўйин бошланганидан бир йил ўтиб пайдо бўлган. Билимдонлар айлантирган ичида от минган чавандози бор ноодатий юла (пилдироқ)ни дўкондан Владимир Ворошилов олиб келган. Бу Москвадаги «Қизил пролетарий» заводида ишлаб чиқарилган оддий ўйинчоқ бўлиб, бошловчи аслида уни ўзи учун сотиб олган.
Ироқнинг тинч аҳолисига нисбатан содир этилган ваҳшийлиги учун 5 карра умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган америкалик аскар
Маҳмудиядаги қотиллик — 2006 йилнинг 12 мартида беш нафар америкалик аскар томонидан Ироқнинг Маҳмудия шаҳри яқинидаги қишлоқда содир этилган жиноят. 14 ёшли қизча америкалик аскарлар томонидан зўрланган, оиласи эса (онаси, отаси ва беш ёшли синглиси) ўтиб ташланган ва уларнинг жасадлари ёқиб юборилган.14 ёшли Абир Қодим Ҳамза ал-Жанабий оиласи билан алоҳида фермада яшаб келган, уларнинг уйи Американинг ҳарбий назорат-ўтказиш пунктидан 200 метр нарида жойлашган. Қўшнилар ва қизнинг укасининг сўзларига кўра, аскарлар турли сабаблар билан фермага келиб, Абирга шилқимлик қилган. Қиз мактабга бормай қўйгани сабаб кун бўйи уйда бўлган, шу сабабли аскарлар уни тез-тез кўриб турган.
2006 йилнинг 12 март куни 101-ҳаво-десант дивизиясининг 502-пиёда полка 1-батальонининг беш нафар ҳарбий хизматчиси фуқаролик кийимида оиланинг уйига бостириб кирган. Булар — сежант Пол Кортез, мутахассис Жеймс Баркер, биринчи тоифали оддий аскарлар: Жесси Спилман, Брайан Ховард ва Стивен Грин.
Аскарлардан бири (Грин) қизнинг отаси, онаси ва синглисини бошқа хонага олиб чиқиб, уларни отиб ташлаган. Абирнинг ўзи эса аскарлар томонидан зўрланган ва ўлдирилган. Марҳумларнинг жасадлари ёқиб юборилган, қўшнилар тутунни кўриб, бу ҳақда Абирнинг амакисига хабар берган.
Аввалига Америка тергови қурбоннинг ёши 20 дан кичик бўлмаганини тасдиқлашга уринган, бироқ кейинроқ унинг ҳақиқий ёши аниқланган. Мазкур жиноят Ироқ аҳолисининг норозилигига сабаб бўлган. Айбланувчилардан бирининг адвокати воқеани қуйидагича эслайди: «Маҳмудиядаги можаро — Ироқдаги америкаликларнинг хатти-ҳаракати билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Оқ уйнинг мамлакатда катта муаммолари бор. Шу сабабли бу ишни намойишкорона ҳал этишга қарор қилишди.
Стивен Грин
2006 йилнинг 30 июнида жиноят содир этганликда гумонланиб, биринчи тоифали оддий аскар 21 ёшли Стивен Грин қўлга олинган. 2009 йилнинг 4 сентябрида Кентукки штати Федерал суди Гринни содир этган жиноятида айбли деб топиб, уни беш карра умрбод қамоқ жазосига ҳукм этган. Грин жазони енгиллаштиришга уринган, бироқ барча апелляциялар рад этилган. 2014 йилнинг 15 февралида Грин Аризона штатидаги қамоқхона камерасига ўзини осган ҳолда топилган.2006 йилнинг 10 июлида сержант Пол Кортез, мутахассис Жеймс Баркер, биринчи тоифали оддий аскарлар — Жесси Спилман, Брайан Ховард ва сержант Энтони Эрибе ҳибсга олинган. Шу йилнинг 15 ноябрида 23 ёшли Беркер жиноятга алоқадор деб топилиб, 90 йилга озодликдан маҳрум этилган.
2007 йилнинг 22 январида 24 ёшли Пол Кортез 100 йилга, 3 августда эса 22 ёшли Жесси Спилман 110 йилга озодликдан маҳрум этилган. Оддий аскар Брайан Ховард зўрлаш ва қотиллик жиноятида бевосита иштирок этмаган деб топилган. Тергов хулосасига кўра, Ховарднинг вазифаси ташқаридаги вазиятни кузатиб туриш бўлган. Бундан ташқари, у тергов вақтида ёлғон кўрсатма бергани ва жиноятчиларни яширгани учун айбли деб топилган. Судланувчи бор айбини тан олиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдиргани сабаб суд уни 2 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этган ва «шармандаларча АҚШ Қуролли Кучлари таркибидан ҳайдаган».
Ироқдаги исёнчиларнинг таъкидлашича, ўша йилда асирга тушган икки нафар америкалик ҳарбий хизматчининг ўлдирилиши айнан Абирнинг зўрланишига жавоб тарзида амалга оширилган. Аскарлар 16 июнь куни Юсуфиядаги назорат-ўтказиш пунктига амалга оширилган ҳужум вақтида қўлга олинган. Уларнинг жасадлари бир неча кундан кейин қийноқ излари билан топилган. Кўп ўтмай интернетда ўлдирилганларнинг жасадлари намойиш этилган видео пайдо бўлган, ундаги баёнотда қайд этилишича, аскарлар Абир зўрлангани сабаб ўлдирилган. Аниқланишича, марҳум аскарлар ҳам жиноятда айбланган ҳарбий хизматчилар билан бир взводда хизмат қилган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)