Ҳиндистон–Марказий Осиё бизнес кенгаши доирасида Ўзбекистон–Ҳиндистон энергетика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар қилмоқда «Дунё».
Маълум қилинишича, Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси томонидан Ҳиндистон–Марказий Осиё бизнес кенгаши доирасида энергетика соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган вебинар бўлиб ўтган. Онлайн тадбирда Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Янги ва қайта тикланадиган энергия вазирлиги, Марказий Осиё Савдо-саноат палаталари, энергетика вазирликлари мутасаддилари ва Марказий Осиё мамлакатларининг Ҳиндистондаги элчихоналари, 50 га яқин турли компания вакиллари иштирок этган.
Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчиси Дилшод Аҳатов томонидан республикада энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар ҳақидаги маълумот тақдим этилди.
Ҳиндистоннинг қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги тажрибасини инобатга олинган ҳолда ҳинд томони Ўзбекистонда қуёш модуллари, энергияни сақлаш учун аккумуляторлар ва бошқа қайта тикланувчи энергия тизимларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни фаоллаштиришга чақирилди.
Иштирокчилар энергетика соҳасини ривожлантириш йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай шарт-шароитларни юқори баҳолаб, ишбилармонларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштиришга қизиқиши тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
Изоҳ (0)