Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини қабул қилди.
Қайд этилишича, мазкур қонун лойиҳаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақти ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланаётганида стажга қўшиб ҳисобланади.
Бунда ногиронлик пенсияси олаётган фуқаро пенсия ёшига етганда ёки боқувчисини йўқотганда ногиронлик пенсиясини олишни давом эттирса (бошқа пенсия турига ўтмаса), I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинлангандан кейинги иш вақтини қўшиб ногиронлик пенсияси қайта ҳисобланмайди.
Депутатларнинг таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши амалиётда қўллашда юзага келаётган турли хил ёндашувларнинг олдини олиш, коррупсиоген факторларни келтириб чиқарувчи ҳолатларга барҳам бериш, ижтимоий адолат тамойилидан келиб чиқиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг даромадини оширишга хизмат қилади.
Изоҳ (0)