Шавкат Мирзиёев 23 август куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган. Жорий йил июнь ойида ўтказилган олий даражадаги учрашувлар якунида эришилган келишувларни амалга оширишдаги ютуқлар қайд этилган.
Август ойи бошида қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ташқи ишлар, транспорт ва савдо вазирларининг биринчи учрашуви ўтказилган. Жорий йилда ўзаро товар айирбошлаш 70 фоизга ошган. Қишлоқ хўжалиги, ипакчилик ва тўқимачилик саноати, машинасозлик, кимё ва бошқа тармоқларда қўшма кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бошланган. Ўзбекистон—Озарбайжон инвестиция фондини тез фурсатда ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда. Маданий-гуманитар алмашинув кенгаймоқда.
Давлат раҳбарлари амалий ҳамкорликни ривожлантириш лозим эканини таъкидлаган. Келгуси кузда икки мамлакат ҳудудлари форуми ва саноат салоҳияти кўргазмасини ўтказиш муҳимлиги қайд этилган.
Шунингдек, минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашилган. Бўлажак кўп томонлама учрашувлар, шу жумладан, Самарқанд шаҳридаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитларининг режаси ва кун тартиби кўриб чиқилган.
Изоҳ (0)