Ижтимоий тармоқлар орқали Ўзбекистонда вакцина олган фуқаролар учун 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан мурожаат қилиб, аҳолини яна бир бор интернетдаги фирибгарлардан огоҳ бўлишга чақирди.
Қайд этилишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда одамлар ишончига кириб, уларнинг банк пластик карталаридаги шахсий пул маблағларини алдов йўли билан қўлга киритиш ҳоллари тез-тез учрамоқда.
Хусусан, интернетда вакцина олган фуқаролар учун 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилаётгани ҳақидаги асоссиз, ҳеч қандай ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар айни ана шу мақсадда такроран тарқатиляпти.
Вазирлик аввал ҳам мазкур ёлғон ахборотлар бўйича бир неча бор ўз муносабатини билдирган ва аҳолидан бундай маълумотларга ишонмасликларини сўраган эди. Бироқ уйдирма хабарларни тарқатувчи бу каби кимсалар одамлар ишончини қозониш учун янги-янги алдов усулларини қўлламоқда. Яъни эндиликда улар интернетда Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан махсус саҳифа очиб, аҳолини ўз тузоғига илинтиришга уриняпти.Шу боис вазирлик аҳолидан яна бир бор бу каби фейк хабарларга ишонмасликни, вакцинация жараёнлари билан боғлиқ энг тўғри маълумотларни Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий ssv.uz сайти ҳамда Telegram’даги саҳифаси орқали олишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.Жумладан, вазирликнинг расмий веб-сайти билан бир хил дизайнда тайёрланган саҳифанинг асосий фонида вакцина олганларга 750 минг сўм миқдорида пул маблағи берилиши айтилган. Бунинг учун шахсий маълумотларни киритиш сўралган. Аслида юқорида келтирилган ахборот фирибгарлик мақсадида тарқатилган бўлиб, ҳеч қандай расмий асосга эга эмас, — дейилади муносабатда.
Изоҳ (0)