Фарғона вилоятида фуқароларнинг маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган нодавлат таълим муассасалари аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қўқон ва Фарғона шаҳри бўлимлари томонидан Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг мурожаатига асосан терговга қадар текширувлар ўтказилган. Унда «М.А.» ва «V.И.» нодавлат таълим муассасалари раҳбарлари ва ходимлари фуқароларни алдаб, интернет ижтимоий тармоқларида нодавлат таълим муассаса каналларини очиб, ушбу таълим масканларини битиргач бакалавр даражасини берувчи халқаро дипломга эга бўлишларини айтиб, «М.А.» таълим муассасаси 174 нафар фуқаронинг 1,1 миллиард сўмини, «V.И.» таълим муассасаси 171 нафар фуқаронинг 1 миллиард сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Шунингдек, «V.И.» нодавлат таълим муассасаси раҳбари Н.А. фуқаролардан ундирган маблағлари ҳисобидан «Lada Vesta» русумли автотранспорт воситасини харид қилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ҳурматли ота-оналар ва абитуриентлар! Мамлакатимиз ҳудудида мавжуд нодавлат олий таълим муассасаларига ўқишга ҳужжат топшириш ёки контракт тўловларини амалга оширишдан аввал уларнинг Ўзбекистон Республикасида тан олинганига расмий ахборот каналлари орқали аниқлик киритишингизни сўраб қоламиз, — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)