15 август куни Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизматида хабар қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Олий даражадаги келишувларга мувофиқ ўзаро алоқалар ва сермаҳсул алмашинувлар юқори суръатда давом этаётгани қайд этилган.
Икки мамлакат етакчилари минтақавий масалаларга тўхталиб, август ойининг бошида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирларининг учрашуви муваффақиятли ўтказилганидан мамнун эканини таъкидлаган. Ушбу форматдаги амалий ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилган.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий тузилмалар, шу жумладан, Туркий давлатлар ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилган.
Ўзбекистон раҳбари шу кунларда Туркиянинг Коня шаҳрида ўтаётган ва ўзбекистонлик спортчилар иштирок этаётган бешинчи Ислом бирдамлиги ўйинлари юқори даражада ташкил этилганини алоҳида таъкидлаган.
Изоҳ (0)