Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 7 май куни БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори вазифасини бажарувчи Консуэло Видаль Брюс билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашувда Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, гендер тенгликни таъминлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, экологик муаммолар, жумладан, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалаларини ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ва давлат раҳбари томонидан халқаро майдонда илгари сурилган ташаббуслар БМТ томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланиши таъкидланди. Бу, ўз навбатида, ушбу нуфузли тузилма билан муносабатлар изчиллик касб этаётганини англатади.
Консуэло Видаль Брюс хоним Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолаб, республиканинг БМТ билан ҳамкорлиги янги босқичда ривожланаётганини таъкидлади.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида тизимли мулоқотни давом эттириш, барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, умуман, ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни давом эттиришга келишиб олинди.
Изоҳ (0)