Кейинги пайтларда ижодкорларнинг ижтимоий тармоқлар орқали санъатдан кетганлигини маълум қилиши янгилик бўлмай қолди. Жумладан, санъатни бутунлай тарк этиб, ўзини бошқа соҳада синаётганлар, аёллар орасида эса оиласига бағишлаётганлар жуда кўп. Аммо улар орасида фикридан қайтганлар ҳам йўқ эмас.
Жаҳонгир Отажонов санъатни тарк этгани узоққа чўзилмади
Жаҳонгир Отажонов 2020 йилнинг декабрь ойида Instagram орқали санъатни бутунлай тарк этганини маълум қилганди.
«Ассалому алайкум, азиз дўстлар, мана ва ниҳоят, Аллоҳни иродаси билан ўзимни бир-икки йилдан бери қийнаб келаётган саволларга ушбу дақиқаларда жавоб топдим, деб ўйлайман. Иншаллоҳ, ўзим яхши кўрган, мени шунча даражага етказган, халқимиз орасида озми-кўпми обрў-эътибор қозонишимга сабабчи бўлган мусиқачилик касбимдан Аллоҳ учун шариатимизга тўғри келмагани учун воз кечишга журъат қилдим.
Ҳаммаларингга каттакон раҳмат, йиллар давомида мени олқишлаб, қўшиқларимни эшитиб, шунчалик ҳурмат-эътибор қилганинглар учун, ҳаммаларингдан Аллоҳ рози бўлсин! Ва шу қаторда мендан хафа бўлган, саҳна ишларимдан норози бўлган дўстларимизга, юртдошларимизга ҳам соғлик-саломатлик тилайман, мендан рози бўлишликларини сўраб қоламан, Аллоҳ барчадан рози бўлсин. Бугундан бошлаб менга мусиқачилик касбим бўйича мурожаат қилманглар, 1 январгача олинган тўй ва концертларимиз бор, олдиндан олинган ‘закладъларни бемалол мурожаат қилиб қайтариб олишинглар мумкин. Мен у саҳналарда иштирок эта олмайман, Аллоҳ менга бу касб билан видолашишликни насиб қилди. Ўзи хайрли қилган бўлсин, барчангларга икки дунё саодатини берсин. Мухлисларимдан бир илтимосим бор, сизлардан илтимос, менинг мусиқаларимни YouTube’дан ўчириб ташлашни сўрайман. Зотан, мусиқа шариатда номақбул ҳисобланаркан, сизларнинг ҳам гуноҳкор бўлишингларга сабабчи бўлишни хоҳламайман. Соғ-саломат бўлинглар!»
Аммо хонанданинг бу қарори узоқ вақтга чўзилмади. У санъатни тарк этганидан 6 ой ўтиб, «Ғийбатчиларга» номли қўшиқни яратганини маълум қилди. Бу премьерадан сўнг Instagram саҳифасига тўй-хизматларида аввалгидек жонбозлик кўрсатаётгани ҳақидаги видеоларни жойлади.
Унинг санъатни тарк этиши, президентлик сайловига номзодини қўймоқчи эканлиги ва яна ижодга қайтгани билан боғлиқ кутилмаган қарорлари узоқ вақт муҳокамаларга сабаб бўлди.
Дилдора Ниёзованинг турмуш ўртоғи аёлининг санъатдан кетишини истаганди
Дилдора Ниёзованинг турмуш ўртоғи Латифжон Юнусов Instagram саҳифасига видео жойлаб, рафиқасининг тўлиқ ислом йўлини танлагани, эндиликда тўй хизматларида иштирок этмаслигини маълум қилганди.
«Ассалому алайкум, Дилдора Ниёзованинг кузатувчилари. Бугундан бошлаб, аёлим ҳақиқий ислом йўлини танлагани учун тўйларга чиқмасликка қарор қилди. Илтимос, ким биз билан боғланиб, тўй кунини белгилаган бўлса, алоқага чиқсин ‘заклад’ пулларини қайтариб беришга мажбурмиз. Бугундан бошлаб Дилдорахоним Ниёзова тўйларга чиқмайди. Уйда бола-чақа тарбияси билан шуғулланишга қарор қилди», — дейди Латифжон Юнусов.
Аммо орадан бир кун ўтиб, Дилдора Ниёзова Instagram саҳифасида алоқага чиқиб, турмуш ўртоғининг сўзларини инкор қилди ҳамда «заклад» олинган тўйларга хизматга боришини маълум қилди.
«Бир кунда бунчалик машҳур бўлиб кетаман, деб ўйламагандим. Авваламбор, барчадан узр сўрайман. Мени ният қилиб тўйларига таклиф этган инсонлар бор.
Эрталаб туриб телефонимга қарасам, ҳамма ерда ‘Дилдора Ниёзова санъатдан кетибди’, деган шов-шув тарқалибди. Ҳар бир оиланинг ўзига яраша сири, синови бўлади. Аллоҳ суйган бандасига синов беради. Алҳамдулиллаҳ, суйган бандаси эканмизки, бошимизга озгина синов тушди. Яратган синовни ҳам бандасининг яхши кўргани билан берар экан. Турмуш ўртоғим билан бироз келишмовчиликка бордик. Ўзи бундай ҳол ҳар бир оилада бўлиб туради. Камчиликларни уйнинг тўрт девори беркитиб туради. Бундай иш бўлади деб ўйламагандим. Чунки орамиздан озгина гап қочганди, холос.
Эркакларга ҳамиша айтаман, рашкнинг ҳам ўз ўрни бор. Бу беш кунлик дунёда бир-биримизни қадрлайлик. Инсон яхши кўриб ҳам, кимгадир озор бериб қўйиши мумкин. Турмуш ўртоғим қаттиққўл, айтганини қилдирадиган яхши инсон. Ҳақ йўлини танлаганимдан кейин турмуш ўртоғимга янада итоат қилишга ҳаракат қиляпман.
Тўғриси, видеони кўриб, ҳайрон қолдим. Жаҳлда чиқиб кетиб, Instagram’га шу видеони қўйибди. ‘Бу ишни бекор қилибсиз’, деганимдан кейин янада кўпроқ жаҳли чиқди. Майли, ҳаммаси хайрли якун топсин.
Турмуш ўртоғим ҳар доим ‘Рўмол ўрадинг, бу йўлимиз хато эмасмикан? Аллоҳдан ниманики сўраган бўлсак, ҳаммасини берди’ , деб тушунтирарди. Ҳақиқатан ҳам турмуш ўртоғим уйимни уй қилган.
Яхши эр — хотиннинг омади, ёки аксинча. Болаларимнинг отасига ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайман. Нима бўлишидан қатъи назар турмуш ўртоғимни ҳурмат қиламан. Шу билан бирга, уни яхши кўраман. У инсон мени ва санъатимни ҳурмат қилади. Видеони рашк туфайли қўйдими, билмадим, ҳайратдаман.
Худо хоҳласа, олинган хизматларга бориш кераклигини турмуш ўртоғимга тушунтираман. Ҳаммаси хайрли якун топишини сўрайман. Ҳар бир аёл ўз жуфти билан бахтли бўлсин. Битта оилага дарз кетса, Арши аъло зириллар экан. У ерга Аллоҳнинг қаҳри ёғилар экан. Шунинг учун оилаларимиз тинч бўлиши учун ҳаракат қилайлик. Ҳаммамиз бандамиз, гоҳида биз аёллар ҳам тилимизни тиёлмай қоламиз. Мен санъатимни жуда ҳам яхши кўраман, мухлисларим йўллаётган фикрлардан куч оламан. Илоҳим, ҳамиша керакли инсон қилсин. Нашидалар куйлаш насиб қилсин. Турмуш ўртоғим ‘Аллоҳ сени севарканки, халқ сени қадрлайди’, деб кўп таъкидлайди. Нега бу видеони чиқарганликларини эса ҳалигача тушунмаяпман.
Фақат нотўғри хаёлга бормасликларингизни сўрайман. Ҳаётда куннинг туни, оқнинг қораси бор. Аллоҳ ҳаётимизга яхшиликларни зиёдаси билан берсин. Насиб қилса, олинган хизматларга боришга ҳаракат қиламиз. Мен ҳаммадан узр сўрайман», — дейди Дилдора Ниёзова ўз мурожаатида.
Орадан кўп вақт ўтмай, Латифжон Юсуповнинг ҳамда Дилдора Ниёзованинг видеомурожаатлари Instagram’дан ўчирилди. Айни кунларда Дилдора Ниёзова тўй-хизматларидаги фаолликни қўлдан бой бераётгани йўқ. Аммо ҳозирча турмуш ўртоғи нега ижодига қатъий қарши бўлганини очиқлагани йўқ.
Шоҳрух Исамуҳаммедов: «Бу ёғига ижодни тўхтатмайман»
«Уммон» гуруҳи аъзоси Шоҳрух Исамуҳаммедов 2020 йилнинг ноябрь ойида Instagram саҳифаси орқали Аллоҳ розилиги учун санъатни тарк этганини маълум қилганди.
«Бу йўлни тарк этдим. Аллоҳ рози бўлсин ҳаммадан. Аллоҳ қилган гуноҳларимизни, шунча қилган ёмон ишларимизни кечирсин. Бу соҳа билан машғул бўлмоқчи бўлган одамларга шу нарсани таъкидлаб ўтмоқчиман: бу йўл яхши эмас. Шу йўлда 12 йилдан бери юрган бўлсам, шунчаки ҳаловатингизни йўқотасиз. Чиқасиз, машҳур бўласиз. Ҳамма сизни олқишлайди. Бандаси сизни қарсак чалиб кутиб олади. Лекин бандаси учун эмас, Аллоҳ учун ҳаракат қилиш керак экан инсон. Шу нарсани дилимга тугган эдим. Худодан сўрардим, ҳидоятингни бер, шу йўлдан чиқиб кетай, шу йўлни тарк этай, деб сўрардим. Ҳар куни кечаси уйга қайтаётганимда ўзимга ўзим савол берардим: ‘Қачон бу йўлни тарк этаман, нима қиляпман бу йўлда, мақсадим нима?’, деб. Бу қарорни кеча қабул қилдим. Сардор ака Раҳимхон, Аллоҳ рози бўлсин, сабабчи бўлиб қолдилар», — деганди Шоҳрух Иасмуҳаммедов.
Айни кунда хонанда компьютер ўйинлари хизматини йўлга қўйди. У очилиш маросимида YouTube’даги «Shok.uz» каналига интервью бериб, келгусидаги режалари ҳақида тўхталиб ўтди.
«Ижодга аввалги эмас, бошқа йўлда қайтаман. Одамларга ибрат бўладиган қўшиқлар ижро этаман. Озгина ишлар билан банд бўлиб қолиб, ижодга эътибор беролмай қолдим. Насиб қилса, бу ёғига ижодни тўхтатмайман», — деди Шоҳрух Исамуҳаммедов.
Шоҳсанам Отаева 10 йилдан сўнг санъатга қайтди
Хоразмча «Шақилдоқ» қўшиғи билан мухлислар қалбидан жой олган хонанда Шоҳсанам Отаева 2009 йилда турмуш ўртоғининг талаби билан санъатдан кетганлигини маълум қилганди.
«Турмуш ўртоғим рашкчи, қўшиқ куйлашимни истамаяпти. Шу боис бор эътиборимни иккинчи касбим — тадбиркорликка қаратмоқчиман», — деганди Шоҳсанам Отаева.Хонанда ижодни тарк этгач, 10 йил қимматбаҳо оқшом либосларининг савдоси билан шуғулланди. 2019 йили эса янгича имижда «Жоним», «Юрагим пора» ва «Қизил олма» (Юлдуз Усмонованинг қўшиғи) қўшиғи билан фаолиятини давом эттиришини маълум қилганди. Афсуски, бир-икки қўшиғидан кейин фаолиятида яна жимлик бошланди.
Музаффар Саъдуллаев: «Бу охирги қарорим: кинони тарк этаман»
«Осмондаги болалар» фильмидаги Ҳамдам роли билан танилган актёр Музаффар Саъдуллаев ҳам кўплаб интервьюларида санъатни тарк этгани ва темирчилик соҳасида ишлаётганини маълум қилганди. Аммо у актёр ва кинопродюсерлик соҳасини тарк этгани йўқ.
«Тўғри, бир неча марта кинодан кетдим, дедим. Аммо чала қолган ишларим сабаб яна бу соҳага қайтишимга тўғри келди. Мен актёрликдан ташқари картина директори, продюсер сифатида ҳам фаолият юритаман. Ҳозирда ‘Инсон’ киностудияси томонидан давлат буюртмасига кўра иккита фильм суратга олиняпти. Уни топширгач, кино соҳасини бутунлай тарк этаман. Бу охирги қарорим», — дейди Музаффар Саъдуллаев.
Мавзуга доир:
- «Бошқа йўналишларда ривожланмоқчиман». Дурдона Қурбонова санъатни тарк этишини маълум қилди (видео)
- Дилдора Ниёзованинг турмуш ўртоғи унинг санъатни бутунлай тарк этгани ҳамда тўйларга чиқмаслигини маълум қилди. Хонанданинг ўзи бу гапларни инкор этди (видео)
- Шоу-бизнесни тарк этган «Уммон»чи Шоҳрух шоу-бизнесдан кетганлар ва Жаҳонгир Отажонов ҳақида гапираётганларга муносабат билдирди (видео)