Шавкат Мирзиёев 29 июль куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги «Аструм» академиясида IT соҳаси вакиллари билан мулоқот қилмоқда. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
«Бугун янги IT академиясига биз учун аҳамияти ниҳоятда юқори бўлган IT соҳасидаги етук мутахассислар ва ёшларимиз билан учрашув ўтказиш учун келдим. Биз бугун биргаликда ечимларини топадиган масалалар бутун Ўзбекистон ёшларининг IT соҳасидаги интилишларига катта туртки ва мотивация беришига ишонаман», — деди давлат раҳбари.
Таъкидланишича, дунёда IT хизматлари шиддат билан ривожланмоқда. Жаҳонда бу соҳанинг ўсиш суръатлари йилига 10 фоизни ташкил этиб, жорий йилда 4,3 триллион долларга етади.
«Биз ушбу бозорда мустаҳкам ўрин эгаллаш борасида катта ислоҳотларни бошладик. Соҳага сўнгги беш йилда 2 миллиард доллар, шундан 700 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилди. Бундан уч йил олдин IT парклар ташкил қилиб, уларга алоҳида солиқ режимини жорий этдик», — деди президент.
Изоҳ (0)