Багама ороллари яқинида муҳожирларни олиб кетаётган қайиқ ағдарилиб кетиши оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Багама маъмуриятига таяниб, Reuters хабар бермоқда.
Қутқарувчилар 17 кишининг жасадини топган: 15 нафар аёл, бир эркак ва бир бола.
Нашр маълумотларига кўра, 25 киши қутқарилган, улардан уч нафари шифохонада, 20 нафари иммиграция хизматига ўтказилган.
Axios хабарига кўра, қайиқ Ню-Провиденс ороли яқинида денгизда ағдарилиб кетган. Ҳодиса жойида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда, чунки бортдагиларнинг кўпчилиги бедарак йўқолган. Дастлабки терговга кўра, қайиқда 60 га яқин одам бўлган. Қайиқ Майамидан йўлга чиққани тахмин қилинмоқда.
Июнь ойи охирида АҚШнинг Техас штати Сан-Антонио шаҳрида ичида 46 кишининг жасади бўлган юк машинасини топилган эди, яна 16 киши машинадан чиқариб олинган ва шифохоналарга жўнатилган. 18 ғилдиракли юк машинасида одамлар кондиционерсиз ва сувсиз қолиб кетган. Аёллар, эркаклар ва ўсмирлар иссиқ уришдан вафот этган.
Изоҳ (0)