Январдан буён Ўзбекистонда 10 та корхона 566 млрд солиқ тўлаган. Уларнинг рўйхати маълум бўлди
Йил бошидан буён бюджетга кўп солиқ тўлаган 10 та корхона рўйхати эълон қилинди. Бу ҳақда Давлат солиқ хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, ушбу 10 та корхона 6 ой давомида бюджетга 566,1 млрд сўм солиқ тўлаган.
«WBM Romitex» корхонаси рўйхатда биринчи ўрин. У йил бошидан буён 73,6 млрд сўм солиқ тўлаган.
Иккинчи ўринда — «2-сон қурилиш дирекцияси». Корхона тўлаган солиқ — 71,9 млрд сўм.
Учинчи ўринда — «Бухоро агрокластер» бўлиб, у шу давр мобайнида 68,7 млрд сўм солиқ тўлаган.
Тўртинчи ўринда — «Аdm Jizzakh» корхонаси. Йил бошидан бери бюджетга 63,7 млрд сўм солиқ тўлаган.
Бешинчи ўринда — «Shanghai Construction Group» бўлиб, корхона тўлаган солиқ ҳажми — 53,3, млрд сўмни ташкил этади.
Кейинги ўринларда мос равишда «Agrobusiness sp management» (52,5 млрд), «Agromir buildings» (47,2 млрд), «Lux oil transit» (46,4 млрд), «Indorama agro» (45 млрд) ва «Etalon-construction» (43,8 млрд) жойлашган.
Аввалроқ Ўзбекистонда махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига қўшимча солиқ имтиёзлари белгилангани ҳақида хабар берилганди.