Бош прокуратура Қорақалпоғистонда содир этилган оммавий тартибсизликлар юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича маълумот берди.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан 2 июль куни Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми (ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) билан қўзғатилган жиноят иши бўйича Бош прокуратура томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Ушбу моддада кўрсатилган жиноятни содир этганлик учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Шакллантирилган Бош прокуратура тергов гуруҳи зиммасига юз берган ҳодисаларнинг барча ҳолатларини аниқлаш, тергов ҳаракатларини холисона ҳамда қонунчиликка қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш вазифаси юклатилган.
Тергов ҳаракатлари давомида жиноят иши бўйича Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида 14 киши ушланди.
Шу жумладан, Тажимуратов Д.М. ва Турданов А.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилинди. Уларга нисбатан суднинг қарори билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
Қаллиханова Л.О.нинг ҳаракатларида жамоат хавфсизлигига тажовуз қилиш жинояти аломатлари аниқланди. У жиноят иши бўйича гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланди.
Хабарда таъкидланишича, терговга жалб этилган фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши, қийноқ, зўравонлик, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги қатъий назоратга олинган.
Гумон қилинувчи ва айбланувчиларга ҳимоя ҳуқуқи тўла таъминланган ҳолда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, сақлаш жойларида қонунда назарда тутилган барча шароитлар таъминланган. Соғлиғи ва сақлаш шароитлари бўйича эътирозлари мавжуд эмас.
Мавзуга доир:
- Аҳолини митингга чақирган ва қорақалпоқ элига раҳбар бўлмоқчи бўлган Даулетмурат Тожимуратов, хизмат ходимларининг буюмларини олиб қўймоқчи бўлган намойишчилар. Қорақалпоғистондаги воқеалар қандай бошланган эди?
- Қорақалпоғистонда тартиббузарлар ҳужумига учраган хоразмлик фермер: «Неварам қўрққанидан вагонга кириб кетди, мен эса қочиб кетдим»
- Юк машинаси ёқиб юборилган ҳайдовчи: «Машинани чиқариб, йўлни ёпамиз, бўлмаса ёндирамиз, дейишди»
- «Оломонни тарқатиш мақсадида қизил рангли бўёқ сувга аралаштириб сепилган» — Миллий гвардия
- Фото: Ёқиб юборилган ҳарбий автобуслар, одатий ҳаёт тарзига қайтган Нукус кўчалари, қўриқланаётган Жўқорғи Кенгес биноси — Қорақалпоғистон воқеаларидан кейинги ҳаёт
Изоҳ (0)