Америка KFC ва Pizza Hut брендларига эгалик қилувчи корпорацияси Yum! Brands компанияси Россиядаги KFC ресторанларини маҳаллий операторга сотиш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилди. Шундан сўнг Yum! Brands Россияни бутунлай тарк этади.
«Ўтган ой Yum! Brands барча Pizza Hut франчайзинг активларига эгалик ҳуқуқини муассасаларни маҳаллий операторга топширишни якунлади. Компания, шунингдек, KFC ресторанлари, жумладан, франчайзинг ресторанлари тармоғига эгалик ҳуқуқини маҳаллий операторга ўтказиш жараёнида. KFC’дан сўнг Yum! Brands Россиядан бутунлай чиқиб кетиш ниятида», — дейилади компания сайтида.
Компаниянинг таъкидлашича, Россиядаги Pizza Hut ресторанлари аллақачон маҳаллий операторга сотилган ва у тармоқ ребрендингини бошлайди. Россиядаги KFC шохобчалари сотилгач, компания Россияни бутунлай тарк этади. Россияда жами 50 га яқин Pizza Hut ресторани ва 1,1 мингдан ортиқ KFC шохобчалари фаолият юритган.
Yum! Brands 9 март куни Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти муносабати билан Россия бозорини тарк этиш ниятида эканлигини эълон қилди. Бир кун олдин компания барча инвестицияларни тўхтатаётганини маълум қилганди. Ўшанда компания Россия бозоридаги барча даромадларни украиналик қочқинларга ёрдам беришга йўналтириш ниятини ҳам қайд этганди.
Изоҳ (0)