Бухорода тўққиз йилдан буён турли баҳоналар билан икки нафар фарзанди таъминоти учун алимент тўловидан бош тортиб келган ота 30,7 миллион сўм қарздорлигини тўлашга мажбур бўлди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБнинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ихтиёр Олимов хабар берди.
Таъкидланишича, Ғиждувон туманида яшовчи фуқаро Б.А. турмуш ўртоғи Ф.Б. билан 2013 йил ажрашган. Ва шундан бошлаб ундан хотини фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Бироқ ота турли баҳона ва яшаб турган манзилидан вақтинча чиқиб кетиши важи билан ижро ҳужжати талабларини бажаришдан бўйин товлаб келган.
Давлат ижрочиси томонидан унинг алимент қарздорлиги қайта ҳисоб-китоб қилинганда, жорий йил ҳолатида 30,7 миллион сўмни ташкил қилган.
Қарздор алимент тўлашдан бўйин товлаб келгани сабаб унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра тўпланган ҳужжатлар Маъмурий ишлари бўйича Ғиждувон туман судига юборилган.
Суд жараёнида қарздор вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун 30,7 миллион сўм миқдордаги алимент пулларини тўлашга мажбур бўлган.
«Акс ҳолда унга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланиши мумкин эди. Бироқ ўталган жазо муддати ҳам қарздорнинг тўловдан озод бўлишини таъминламайди», — деди Ихтиёр Олимов.
Изоҳ (0)