Ёшлар ойлиги доирасида Андижон шаҳрида 80 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этган «Open air» ёшлар форуми ўтказилди. Тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов режиссёр ва қизиқчи Ғайрат Аҳмедовга «Андижон полкаси» ҳақида олган видеоролиги учун Spark автомобили совға қилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Умиджон Мамарасулов хабар бермоқда.
Ёшлар ойлиги доирасида «Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик» шиори остида Андижон вилоятининг барча шаҳар ва туманларида китобхонлик ва кўнгилочар тадбирлар, спорт мусобақалари, концерт томошалари ўтказилган. Ёшлар ойлиги вилоят марказида ташкил этилган «Open air» тадбири билан якунланган. Унда 80 мингдан зиёд ёшлар иштирок этган.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги томонидан фаоллар, турли соҳаларда юқори натижаларга эришаётган ёшлар тақдирланиб, маҳалла ёшларига келгусида бунёд этиладиган спорт майдончалари ва замонавий техникалар учун сертификатлар топширилган. Шунингдек, шу куни «Андижон полкаси»нинг 100 йиллиги муносабати билан ушбу рақснинг тарғиботи ва оммалашуви учун ўтказилган флешмоб тадбирида ўз видеоролиги билан қатнашган режиссёр ва қизиқчи Ғайрат Аҳмедов Spark автомобили билан тақдирланган.
Таъкидланишича, форумда Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманидан келган, турли соҳаларда муваффақиятларга эришган, илм-маърифат, адабиёт, санъат, касб-ҳунар, спорт соҳаларида қўлга киритган ютуқ ва марралари билан тенгдошларига ибрат бўлаётган 200 нафарга яқин ёшлар ва жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этган.
Изоҳ (0)