Жанубий Африка Республикасининг Ист-Лондон шаҳрида камида 21 киши тунги клубдаги ўтиришдан кейин вафот этди, деб ёзади Meduza маҳаллий полицияга таяниб. Марҳумларнинг кўпчилиги клубда жонсиз ҳолатда топилган, яна бир неча киши касалхонада вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, вафот этганлар 13 дан 20 ёшгача бўлган ёш йигит-қизлар.
Ҳодиса сабаби номаълум. Дастлабки маълумотларга қараганда, марҳумларнинг баданларида зўравонлик белгилари йўқ. Оммавий заҳарланиш версияси ҳозирча тасдиқланмади.
Маҳаллий фуқаролар айтишича, бар вояга етмаганларга спиртли ичимликлар сотган.
Мамлакат президенти Сирил Рамапоса барда камида 22 нафар ўсмир вафот этганини маълум қилди.
«Эрта тонгда Ист-Лондондаги Синери-паркда жойлашган барда вафот этган 22 нафар ўсмирнинг оилаларига чуқур ҳамдардлик билдираман», — деб ёзди Рамапос Twitter’да.
Давлат раҳбари тунги клубда вояга етмаган ташрифчилар бўлгани юзасидан хавотир билдирди.
SABC телеканали хабар қилишича, 20 киши кучли тиқилинч оқибатида ҳалок бўлган, уларнинг аксарияти — вояга етмаганлар.
Жасадлар ёриб кўриш ва шахсини аниқлаш учун моргларга етказила бошлади. «Ўлимнинг эҳтимолий сабабини аниқлаш учун зудлик билан мурдаларни ёриб кўришга киришмоқчимиз», — деди Шарқий Кап провинцияси соғлиқни сақлаш департаменти вакили Сиянда Манана. Унинг тасдиқлашича, гап 22 нафар қурбон ҳақида бормоқда. Хусусан, токсикологик тестлар ўтказилади.
Бар яқинида яшовчи 17 ёшли қиз Reuters’га маълум қилишича, бу жой ёшлар орасида машҳур бўлган, чунки у ерда вояга етмаганларга спиртли ичимликлар сотилган.
Изоҳ (0)