Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни электр энергетикаси корхоналари фаолиятини трансформация қилиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, йиғилишда энергетика бозорини бошқариш бўйича янги тизим яратиш масалалари муҳокама этилган. Хусусий генерация корхоналари уланиши учун тенг шароит яратиш мақсадида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг электр энергиясини ягона харид қилиш ва магистрал тармоқларни бошқариш ваколатларини ажратиш таклифи билдирилган. Бунда ягона харид қилувчи компания барча электр станцияларидан электр энергиясини шартнома асосида сотиб олиб, йирик корхона ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига сотади. Магистрал тармоқ оператори эса электр энергиясини етказиб бериш, йўқотишларни камайтириш ва энерготизимни техник бошқариш билан шуғулланади.
Келгуси йилда 14 та туман ва шаҳарда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга муқобил тарзда, истеъмолчиларга электр энергиясини сотадиган хусусий чакана электр савдо компаниялари ташкил этилади. Шунингдек, тармоқ раҳбарларига трансформация жараёнини жадаллаштириш, корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қила оладиган компанияларга айлантириш кераклиги таъкидланди. Соҳа корхоналарининг операцион харажатларини оптималлаштириш, электр узатиш тармоқларини янгилаш бўйича ҳам топшириқлар берилган.
Ҳукумат ва соҳа раҳбарларига ушбу ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.
Изоҳ (0)