Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказилаётган учрашувда президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказишни таклиф қилди.
«Олий Мажлиснинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларининг конституциявий асосларини кучайтириш бўйича ишларни давом эттириш керак. Шу мақсадда мен президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказишни таклиф этаман. Мисол учун, Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатини Сенатга ўтказиш мақсадга мувофиқ», — деган президент.
Давлат раҳбари, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш бўйича фармон Сенат томонидан тасдиқланиши тартибини жорий этишни таклиф этди. Унинг таъкидлашича, ҳукумат томонидан тайёрланган Коррупцияга қарши кураш бўйича йиллик миллий маърузани муҳокама қилиш масаласини парламентимиз ваколатига киритиш лозим.
«Ҳукуматни шакллантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлашда Олий Мажлиснинг ваколатларини кенгайтириш бўйича тегишли қоидаларни асосий қонунимизда белгилашимиз зарур», — деган Шавкат Мирзиёев.
Бундан аввал президент нима учун конституциявий ислоҳотлар ўтказилаётганига изоҳ бергани, Конституцияга «Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади» деган нормани ҳамда «Миранда қоидаси»ни киритишни таклиф қилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)