Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Сурхондарё вилоятида бўлган тўйлардан бирида куёв келинни ургани ҳолати юзасидан муносабат билдирди. Вазир бу ҳақда 16 июнь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида гапирган, деб хабар берди «Дарё» мухбири.

Фото: АОКА

Фото: АОКА

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда тўй куни ўйинда ютқазиб қўйган куёв келинни ургани акс этган видеолавҳа тарқалганди. Кейинроқ мазкур тўй маросими Сурхондарёда бўлгани ва келинни урган куёв жавобгарликка тортилгани тўғрисида маълум бўлди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ҳолатга муносабат билдирганди.

Матбуот анжуманида Абдуқодир Тошқулов ўзини қийнаган иккита савол ҳақида айтган. 

«Биринчиси, булар талабамасмикан? Чунки мен кафолат беролмайман, бу каби ҳолат талаба билан ҳам бўлиши мумкин. Иккинчиси, улар Сурхондарёданмасмикан, деган савол. Сабабини биласизлар (маълумот учун, вазир Абдуқодир Тошқулов Сурхондарё вилояти, Бойсун туманида туғилган — таҳр.). Иккинчи саволимга жавоб тўғри бўлди, улар сурхондарёлик экан. Биринчи саволимга жавоб — улар талаба эмас экан», — дейди Абдуқодир Тошқулов.

Олий таълим вазирининг таъкидлашича, бу каби ҳолатлар бўлмаслиги учун талабалар барча фанлардан яхши ўқишига мажбур қилиш керак.

«Мактабда болалар фанларни қандай ўқияпти? Таълимнинг бошқа бўғини бўлганлиги учун муҳокама қилмоқчи эмасман. Ўзининг тарихини, ўзининг қадриятини, ўзининг маънавиятини қанчалик биляпти? Бу ҳолат ҳозир ҳам юрагимга таъсир қилиб турибди. Қандай бу ишни қилиш мумкин, бировнинг фарзанди, қизи ахир у. Аёллар, қизлар бирозгина жисмоний нуқтаи назардан ожиза бўлиши мумкин, лекин ҳуқуқ жиҳатдан уларнинг ҳуқуқи кўпроқ деб ўйлайман. Уларни кўпроқ ардоқлашимиз керак», — дейди вазир. 

Абдуқодир Тошқулов давлат ва жамият муаммоларининг ечими таълимда эканлигини айтди. 

«Таълимнинг муаммоси мана шу, ундаги муаммоларнинг кўриниши мана шунақа жирканч ҳолатда. Биттаси ҳам сигнал», — дейди у.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, куёвга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий иш қўзғатилган.

Изоҳ
Асосий янгиликлар