Бухоро шаҳрида 12 июнь куни сув қувурдаги носозлик бартараф этилиб, ичимлик суви таъминоти тўлиқ тикланди, деб хабар бермоқда Бухоро вилояти ҳокимлиги.
Кеча, 11 июнь куни Бухоро шаҳри Пиридастгир кўчасидан ўтувчи марказий ичимлик суви қувурида носозлик юзага келгани туфайли шаҳар аҳолисининг ичимлик суви таъминоти вақтинча тўхтатилган эди. «Бухоро сув таъминоти» МЧЖ мутахассислари томонидан олиб борилган авария-тиклаш ишлари натижасида яроқсиз ҳолга келиб қолган шиша толали ҳобус диаметри 700 миллиметр бўлган пўлат қувурга алмаштирилди.
Таъмирлаш ишлари якунланиб, айни пайтда Бухоро шаҳрининг барча ҳудудларида ичимлик суви таъминоти тўлиқ қайта тикланди.
Бухоро вилояти ҳокимлиги сув таъминотидаги узилиш ҳақида кеча, 11 июнь куни соат 15:12 да огоҳлантирган бўлса, носозлик бартараф этилгани ҳақидаги хабар 12 июнь куни соат 16:01 да эълон қилинди. Демак, шаҳар аҳолиси бир суткадан ортиқ вақт мобайнида сув таъминотидан узилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти оғир ҳолатдаги 1545 та маҳалла сув билан таъминланиши, Тошкентда ичимлик сувини режали ўчириш жадвали эълон қилингани, Қашқадарёда 1 823 километр ичимлик суви тармоқлари, 74 та сув иншооти қурилиб, реконструкция қилиниши ҳақида хабар берилган.
Изоҳ (0)