АҚШ президенти Жо Байден АҚШ Украина ҳукуматини яқинлашиб келаётган Россия босқинидан огоҳлантирганини, бироқ улар буни эътиборга олмаганини айтди, деб ёзмоқда The Guardian.
«Иккинчи жаҳон урушидан бери бундай ҳодиса юз бермаган. Биламан, кўпчилик мени бўрттириб юбораяпди, деб ўйлаган», — деди Байден Лос-Анжелесдаги тадбирда.
«Аммо билардим, бизда (Путиннинг) чегарани кесиб ўтишга тайёрланаётганини тасдиқловчи маълумотлар бор эди. Ҳеч қандай шубҳа бўлмаган», — деди АҚШ президенти ва «Зеленский буни эшитишни истамади» дея қўшимча қилди.
Украина президент офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк Twitter’да Байденнинг баёнотларини қуйидагича изоҳлади: «Украина ўтган йилдан бери урушга тайёргарлик кўрмоқда: бўлажак босқин ҳақидаги маълумотларни нафақат Ғарб разведкаси, балки бизникилар ҳам берган».
«Асосий давлатлар жуда яхши била туриб ҳам Россиянинг милитаристик иштаҳасини тўхтата олмаган экан, 100 кундан кўпроқ вақт давомида ўзидан кучли рақибга қарши тўлақонли урушда самарали курашаётган мамлакатни бирор нимада айблаш беъманилик», — деб ёзган Подоляк.
Россия ҳарбийлари 2021 йилнинг кузида Украина чегараси яқинида кенг кўламли манёврлар ўтказишни бошлаган эди. Ғарб разведкаси буни босқинга тайёргарлик белгиси сифатида кўрган. Россия расмийлари эса буни одатий машғулотлар дея даъво қилган.
Изоҳ (0)