Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси «Паррандачилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.
Қарор лойиҳаси билан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда «Паррандасаноат» уюшмасининг 2023 йил 1 апрелдан бошлаб паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, субсидиялар ажратиш ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини фақатгина «my.vetgov.uz» сайтида рўйхатдан ўтган ҳамда белгиланган тартибдаги мезонларга мос келувчи паррандачилик хўжаликларига бериш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.
Шунингдек, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси «Паррандасаноат» уюшмаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 декабрга қадар «my.vetgov.uz» сайтини қуйидагиларни назарда тутган ҳолда такомиллаштиради:
- паррандачилик соҳасидаги маълумотларни тизимли таҳлил қилиш учун солиқ хизмати, статистика, божхона, ветеринария органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг ахборот маҳсуллари билан интеграция қилиш;
- паррандачилик хўжаликларидаги ота-оналар галаси, инкубацион тухумлар, бир кунлик жўжалар, озуқа ем захираси, паррандачилик маҳсулотлари – истеъмол тухуми, парранда гўшти ҳамда бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан охирги истеъмолчигача сотиш ҳажмларини бутун занжири бўйича комплекс ҳисобга олиш;
- паррандачилик хўжаликларининг ҳақиқий ишлаб чиқариш қувватларини, шунингдек, озуқа ем маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи ва субсидиялар ажратиш миқдорини аниқлаш мезонларини жорий этиш.
- Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси 2022 йилдан бошлаб ҳар йили «Паррандасаноат» уюшмасининг буюртмасига асосан:
- буғдой нархи арзон бўлган йиғим-терим даврларида паррандачилик хўжаликлари учун 500 минг тоннадан кам бўлмаган миқдорда маҳаллий ва импорт буғдойдан захира яратади;
- буғдой тақчиллиги кузатилган даврда захира қилинган буғдойни биржа савдолари орқали паррандачилик хўжаликлари ва парранда омухта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларига захира қилиш ва сақлашга сарф қилинган харажатларни ҳисобга олган ҳолда реализация қилади.
- тижорат банклари томонидан ажратиладиган 20 миллиард сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан фоиз ставкасининг Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, лекин 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмига компенсация ҳамда кредит суммасининг 50 фоизи миқдорида кафиллик қўйидаги мақсадларга:
- паррандачилик хўжаликлари ва парранда омухта еми ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш қувватларидан келиб чиқиб, инкубацион тухум, бир кунлик жўжа, озуқа маҳсулотлари ва унинг қўшимчалари, дори воситалари, қўшимча компонентлар, буғдой, маккажўхори, соя дони, соя ва кунгабоқар шротини келгуси бир йил учун захира қилишга айланма маблағларни тўлдиришга;
- барча турдаги инкубацион цехлар, паррандачилик маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш технологик асбоб-ускуналарини, шунингдек, махсус техникалар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда бошқа асосий воситаларни сотиб олиш ва модернизация қилишга берилади;
- Ўзбекистон президентининг ПҚ–5146-сон қарори асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари ҳисобидан паррандачилик лойиҳаларини молиялаштириш учун ажратиладиган кредитлар бундан мустасно.
Изоҳ (0)