«Бошдан кечирган барча қийинчиликлардан сўнг, мен ҳали ҳам ишим борлигидан бахтиёрман», — дейди Жонни Депп. Бироқ сўнгги йилларда актёр ўз исми билан боғлиқ можаролар ва собиқ рафиқаси Эмбер Хёрднинг айбловлари фонида деярли ролсиз қолди. Аммо собиқ эр-хотин ўртасидаги ажралиш жараёни тугади: судда Депп ютиб чиқди — энди уни янги ва ёрқин роллар кутмоқда.
«Эдвард қайчиқўл» (12+), 1990 йил
Оппоқ тери, кесилгандан қолган юздаги чандиқлар – қайчи қўллар билан яшаш осон эмас. Аммо ҳар бир махлуқнинг ҳам севгилиси бўлади. Фильмда бу ролни ёш Вайнона Райдер ижро этади. Эдвард қайчиқўл режиссёр Тим Бартон ва Жонни Депп ўртасидаги биринчи ҳамкорлик иши ҳисобланади.
«Лас-Вегасдаги қўрқув ва нафрат» (18+), 1998 йил
Икки дўст «Америка орзуси»ни рўёбга чиқариш ҳаракатида Лас-Вегасга келади, лекин бунинг ўрнига кутилмаган воқеалар гирдобига тушиб қолади... Фильм гонзо-журналист Хантер Томпсон асари асосида яратилган ва наркотиклар ҳақидаги фильмлар ичида энг юқори рейтингга эга бўлган.
«Уйқу жарлиги» (16+), 1999 йил
Воқеалар 18-асрда содир бўлади. Жонни Депп қаҳрамони бошсиз чавандоз томонидан содир этилган бир қатор сирли қотилликларни фош қилиши керак. Тим Бартоннинг мазкур фильмида 19 ёшли Кристина Риччи ҳам иштирок этган.
«Шоколад» (12+), 2000 йил
Жонни Депп капитан Жек Читтак ролидан анча олдин қароқчига айланиб улгурган. Секин ва узоқ давом этадиган сюжетли «Шоколад» эртагида Депп ўз истеъдодининг барча қирраларини намойиш этади. Унга гўзал француз актрисаси Жулетт Бинош ёрдам беради.
«Кариб денгизи қароқчилари» (12+, 16+), 2003—2017 йиллар
Капитан Жек Читтак Жонни Деппнинг энг эсда қоларли роли ҳисобланади. Ажойиб сюжет ва маҳоратли актёрлар ижроси франшизанинг муваффақиятини таъминлаган.
«Чарли ва шоколад фабрикаси» (6+), 2005 йил
Вилли Вонканинг сеҳрли фабрикаси фақат меҳрибон, камтар болалар учун очиқ. Агар очкўз ва ёвуз бола бўлсангиз, Жонни Деппни ҳам, шоколадли бахтни ҳам кўролмайсиз.
«Турист» (16+), 2010 йил
Ташқи кўриниш алдамчи. Айниқса, Анжелина Жолининг жозибасига маҳлиё бўлиб қолганингизда. Жонни ҳам аслида ўзи эмас — оддий америкалик сайёҳ, касби бўйича ўқитувчи ниқоби остида бошқа биров яширинган.
«Ромли кундалик» (16+), 2011 йил
Сершовқин Нью-Йоркдаги ҳаётдан чарчаган Жонни Депп қаҳрамони қуёшли Пуэрто-Рикога жўнаб кетади. Аммо у қаерга бормасин, ўзи билан муаммоларини олиб юради. Албатта, тақдирдан қочиб қутулиб бўлмайди.
«Алиса кўзгу орти мамлакатида» (12+), 2016 йил
Алиса дўсти, ақлдан озган Шляпачини қутқариш учун вақтлараро хавфли саёҳатга чиқади. Шляпачи ролида эса, албатта, Жонни Депп.
«Фантастик махлуқлар: Гринделвалд жиноятлари» (12+), 2018 йил
Сюжетга кўра, унинг қаҳрамони Америкадан Парижга қочиб, сеҳрли дунёни забт этиш учун ўз армиясини йиғади. Ёш Албус Дамблдор ва унинг собиқ шогирди Нют Скамандер унинг йўлига тўсқинлик қилади. «Фантастик махлуқлар»нинг учинчи қисмида эса Депп ўрнига Марс Миккелсен ўйнайди — суд жараёнидан сўнг Warner Bros. компанияси актёр билан тузилган шартномани бекор қилган.
Мавзуга доир: