Тошкент халқаро аэропортида йўловчиларга рейсга рўйхатдан ўтиш, божхона ва паспорт назорати, шунингдек, парвоз олдидан текширувлардан навбатсиз ўтиш имконини берувчи Fast-track хизмати ишга туширилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Fast-track хизматидан фойдаланиш учун йўловчи жўнаш терминалидаги маълумот бурчагига мурожаат қилиши керак. Тўлов амалга оширилганидан сўнг аэропорт ходими йўловчини махсус «коридор» бўйлаб «стерил» зонагача кузатиб боради ва у ердан йўловчи мустақил равишда бортга чиқади.
Fast-track хизматининг нархи 170 минг сўм. Шунингдек, оила аъзолари билан учаётган йўловчилар учун «Оилавий» пакети мавжуд.
«Сиз миллий валютада нақд пулда ёки Uzcard, Humo, Visa, Mastercard ва бошқалар орқали банк ўтказмаси орқали тўлаш имкониятига ҳам эгасиз. Шунингдек, Тошкент аэропортидан учаётган йўловчилар Fast-track хизмати билан бир қаторда жўнаб кетиш терминалининг стерил ҳудудида жойлашган Анор бизнес комфорт залида кутиш хизматини ҳам харид қилишлари мумкин», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Давлат божхона қўмитаси 2022 йил 1 июлга қадар масофадан туриб онлайн равишда транспорт воситалари навбатларини шакллантириш имконини берувчи «Электрон навбат» ва жисмоний шахслар учун Fast-track автоматлаштирилган ахборот тизимлари амалиётга жорий этиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)