Ўзбекистонда 25 май — умумий ўрта таълим мактабларида ўқишнинг сўнгги куни. Ушбу кунда мактабларда сўнгги қўнғироқ байрами нишонланади. «Дарё» нашри мазкур кун муносабати билан Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, ҳукумат вакиллари, Судьялар олий кенгаши раиси, Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раҳбариятидан мактабни тамомлаб, катта ҳаёт остонасида турган ўқувчи-ёшларга тилакларини жамлади.
«Ҳаётингиздаги яна бир масъулиятли босқичга қадам қўяётганингиз билан табриклайман»
Сизларни беғубор ўқувчилик даврингизни ортда қолдириб, шу йиллар давомида қадрдон бўлиб қолган мактабингиз, ота-онадек ғамхўр устоз-у мураббийларингиз билан хайрлашиб, эзгу орзу-ниятлар билан ҳаётингиздаги яна бир масъулиятли босқичга қадам қўяётганингиз билан самимий табриклайман.Ишонаманки, сизлар ўқиб-ўрганишда давом этиб, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, келажакда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган фидойи ва ватанпарвар инсонлар бўлиб етишасизлар.
Барча орзу-ниятларингиз амалга ошсин, мустақил ҳаёт сари қўйган қадамингиз қутлуғ бўлсин!
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева
«Тўхтамай яша, тўхтаган кунинг ҳамма нарсангдан маҳрум бўласан ва эришишинг мумкин бўлганларидан ҳам қуруқ қоласан!»
2022 йилда 390 минг нафар ёшлар мактабни битирмоқда. Битирувчи йигит-қизларимизга бир қанча тавсияларимизни бериб ўтсам:1. Хорижий тилларни ўрганинг. Шиддат билан ривожланаётган ҳозирги даврда, технологиялар асрида бу жуда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, инглиз тилини ўрганиб, IELTS сертификатини олиш орқали ёшларимиз кўплаб ютуқларга эришишлари мумкин. Зўр дастурчи бўлиш учун ҳам тил билиш керак. Нафақат IELTS, балки бошқа хорижий тилларни ҳам ўрганиш лозим.
Бу борада йигит-қизларимизни қўллаб-қувватлаш учун 2021 йил 1 майдан бошлаб IELTS, TOEFL, GMAT, GRE, SAT каби 5 та; 2022 йил 1 январдан эса араб, хитой, француз, рус, испан, корейс, япон, итальян, турк ва немис тиллари бўйича 13 та халқаро имтиҳон тизимларида (жами 18 та халқаро имтиҳон тизимларида) юқори натижага эришган ёшларнинг имтиҳон харажатларини Ёшлар ишлари агентлиги томонидан қоплаб бериш тизими йўлга қўйилган.
2. IT соҳаси ва замонавий касбларни ўрганинг. 2021 йилги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда IТ мутахассис$/ЭХ$ларнинг йиллик ўртача маошларини келтириб ўтаман:
Албатта, бу ўртача маошлар, холос. Дастурчиларимиз орасида бундан бир неча баробар кўп даромад топаётганлари ҳам бор.
- Java: 3600 доллар — 24,000 доллар,
- Python: 4800 доллар — 24,000 доллар,
- C#: 3300 доллар — 20,000 доллар,
- C++: 4000 доллар — 30,000 доллар,
- NET: 3600 доллар — 22,000 доллар,
- JavaScript: 3800 доллар — 20,000 доллар,
- PHP: 2500 доллар — 18,000 доллар.
IT соҳасини ўрганиш учун ҳаммада ҳам имкон бўлмаслиги ёки компьютер (ноутбук) олишда маблағ бўлмаслиги мумкин. Бу борада ҳам ёшлар учун имкониятлар бор. 2019 йил Ўзбекистонда бир миллион маҳаллий дастурчини тайёрлаш бўйича One Million Uzbek Coders («Бир миллион ўзбек дастурчилари») лойиҳаси ишга туширилди. Бу лойиҳа 2017 йилда БААда ишга туширилган One Million Arab Coders лойиҳанинг аналоги ҳисобланади.
Лойиҳанинг биринчи босқичида https://uzbekcoders.uz онлайн платформаси орқали ўзбек тилида глобал меҳнат бозоридаги тўртта энг талабгир мутахассислик — Data Analysis, Android Programming, Full-Stack Development ва Frontend Development бўйича бепул онлайн курслар ташкил қилинган.
Президент фармонига кўра, 2021 йил, 1 июндан «Халқ банки», «Алоқа банк» ва «Микрокредитбанк» томонидан ушбу лойиҳа доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва сертификат олган ёшларга компьютер харидлари учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилади. Бу кредит 2 йилга берилади ва унинг фоизи Ёшлар ишлари агентлиги томонидан қоплаб берилади. Асосий қарз эса кредит олувчининг ўзи томонидан тўланади.
3. Ўз устингизда доим ишлашдан, ҳаракат қилишдан ва китоб ўқишдан ҳеч қачон тўхтаманг! Қайси соҳа бўлмасин, унинг ўз илми ва китоби бор. Қурувчи, дастурчи, шифокор, математик, иқтисодчи, ҳуқуқшунос, педагог, қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассис, умуман, қайси соҳани танласангиз ҳам, шу соҳанинг энг зўр мутахассиси бўлинг. Бунинг учун доим инсон ҳаракатда ва изланишда бўлиши керак. Энг муҳими эса, доим китоб ўқиш керак. Хорижий тилларни ўрганиш ортидан сиз учун бутун дунё эшиклари, китоблари очилади. Энг яхши китобларни, манбаларни бемалол ўқиб, тушуниб, соҳангизнинг энг яхшиси бўласиз. Бир қоидани доим ёдингизда тутиб, шунга амал қилинг: «Тўхтамай яша, тўхтаган кунинг ҳамма нарсангдан маҳрум бўласан ва эришишинг мумкин бўлганларидан ҳам қуруқ қоласан!»
Юқорида ёшлар учун яратилган бир қанча имкониятларга қисқача тўхталиб ўтдик. Аслида бугунги кунда йигит-қизларимиз учун 100 дан ортиқ имкониятлар бор. Мактабни тамомлаётган ёшларимизга https://yoshlarportali.uz платформасига кириб кўришни ва ўзлари учун мос имкониятлардан унумли фойдаланишни сўраб қоламан. Ҳамма соҳада ёшларимиз учун яхши имкониятлар бор ва уларнинг барчаси ушбу порталда тақдим этилган.
Сенатор, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев
«Иложсиз қолсангизгина давлат хизматида ишланг»
Мактаб битирувчиларига айтмоқчи бўлганим: имкон даражасида умрингизни, тирикчиликни давлат хизматчиси сифатида ўтказишга олиб келадиган касб танлашдан йироқ бўлишга интилинг, иложсиз қолсангизгина давлат хизматида ишланг. Эркингизни, ички потенциалингизни рўёбга чиқаришга олиб келадиган ҳаёт йўлини танлашга куч топа олинг, бу йўлда ўзингизни чиниқтиринг.Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев
«Доимо ўз устингизда ишлаш, ўрганишдан чарчаманг»
Мактаб битирувчиларининг бахтиёр чеҳраларига боқаркансиз, шоирнинг қуйидаги машҳур сатри ёдга тушади: «Оҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди?!» Биргина сатрда нафақат унинг муаллифи, балки умрнинг маълум довонидан ошган барча инсонларнинг дард-у армонидан ташқари ҳаваси мужассамдек...Нега ҳавас қилмайдик сизларга?
Мактабни битирмоқ – мустақил ҳаётга илк қадам қўйишдир. Не бахтки, сизлар мустақил Ўзбекистоннинг мустақил ҳаётга илк қадамини қўяётган ўғил-қизларидирсизлар! Ўқиб, камол топишингиз учун давлат ва жамият барча чораларни кўраётирки, бундай саодатни нотинчлик ҳукм сураётган дунёнинг бир талай давлатлари ёшлари фақат орзу қилишлари мумкин, холос. Демак, сизнинг зиммангиздаги биринчи вазифа – тинчлик ва фаровонликнинг қадрига етиб, чуқур илм билан касб эгаллаш, келажакда ота-она, эл корига ярайдиган фарзанд бўлмоқликдир.
Юртга муносиб фарзанд бўлмоқ, аввало, шу юртни танасиз ва таъмасиз севмоқ деганидир.
Келажак бугундан бошланиши эътиборга олинса, Янги Ўзбекистоннинг таянчлари сизлар эканингиз янада ойдинлашади.
Қайси соҳа ёки касбни эгалламанг, сизларда қонунга ҳурмат ҳисси шаклланишини жуда-жуда истар эдим. Чунки, ҳар қандай соҳа фаолияти қонун билан тартибга солинади. Иккинчидан, ҳуқуқий-демократик жамият деганда биринчи навбатда қонунга итоаткорлик тушунилади. Қонунга итоаткорлик эса кишининг ҳуқуқий маданиятида акс этади.
Ўрганиш, интилишга кўп нарса боғлиқ. «Интилганга толе ёр» деган ҳикма бежиз эмас. Доимо ўз устингизда ишлаш, ўрганишдан чарчаманг. Шунда ҳаёт синовлари сизни ҳеч қачон букиб қўяолмайди, ўз йўлингиздан адашмайсиз.
Мустақил ҳаёт сари ташлаётган илк дадил қадамингиз қутлуғ ва муборак бўлсин!
Холмўмин Ёдгоров, Судьялар олий кенгаши раиси
«Бой-бадавлат, бахтли яшамоқчи бўлсангиз илм олинг, ҳунар ўрганинг»
Ҳурматли битирувчилар! Сиз бугун катта ва узун йўлнинг бошида турибсиз. Бу йўлда барчангизга омад ёр бўлишини тилайман.Агар ҳаётда ўз ўрнингизни топмоқчи бўлсангиз, илм ва ҳунар олинг. Бой-бадавлат яшамоқчи бўлсангиз ҳам илм ва ҳунар олинг. Бахтли яшамоқчи бўлсангиз ҳам албатта илм олинг. Оилангиз, фарзандларингиз соғлом бўлишини хоҳласангиз албатта билимли бўлишга интилинг.
Албатта яхши ўқимасдан ҳаётда ўз ўрнинига эга бўганлар ҳам топилади. Лекин бундай саноқли ҳолатлар жуда машаққатли йўлни босиб ўтишга, алал-оқибат барибир билим ўрганишга мажбур қилади. Лекин илм ёки ҳунар ҳар қандай мақсадга тезроқ етишга орзуларга осонроқ эришишга ёрдам беради.
«Илм олишга имконият йўқ, мактабда ёмон ўқитишди, таълим яхши эмас», деган гапларнинг ҳаммаси ғирт баҳона. Бу сизни юпатади, фақат орқага қайтаради, бу сизнинг олдингиздаги тўсиқ. Агар сиз шу тўсиқни енгиб ўта олсангизгина, ҳеч нарсани ўйламай илм олсангиз, ҳунарли бўлсангиз, шунда ютасиз.
Яна бир бор айтаман, яхши яшамоқчимиз? Орзуларингизга етмоқчимисиз? Ундай бўлса илм ёки ҳунар олинг. Энг зўри бўлинг. Шунда сиз ҳаммага керак бўласиз.
Аллоҳ ҳаммангизни омадингизни берсин!
Комил Алламжонов, Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси
«Атрофингиздаги олам қандай бўлиши аввало ўзингизга боғлиқ»
«Азиз ёшлар! Бугун сиз мактабни тарк этиб, мустақил ҳаётга қадам қўймоқдасиз. Олдинда сизни катта ҳаёт кутмоқда. Унинг ўзига яраша баланд-пастликлари бўлади. Ғалабалар-у, машаққат, хурсандчилик-у, кўнгилсизлик, омад-у хатарлар, буларнинг барчасига дуч келасиз.Мустақил ҳаёт остонасида ҳар бир йигит-қизнинг олам-олам орзулари бўлади. Бироқ вақт ўтган сари, у ёки бу сабабга кўра, кўп қизларнинг орзулари армонга айланади, умидлари пучга чиқади. Сингилларим! Ёдингизда бўлсин, сиз бахтли бўлишга, умрингизни ўзингиз истагандек яшаб ўтишга лойиқсиз!
Атрофингиздаги олам қандай бўлиши аввало ўзингизга боғлиқ. Эзгу ният, аниқ мақсадлар, ўзига ишонч, қатъият ва албатта,билим доимий ҳамроҳингиз бўлса, албатта муродингизга етасиз!
Тўлақонли таълим олган, илмли, дунёқараши бой қизлар оилада ҳам, жамиятда ҳам муносиб ўрнини топади. Аёл зукко умр йўлдоши, фаросатли келин, оқила она бўлишидан ташқари, кучли, ўз ишини яхши биладиган, керакли мутахассис бўлса, ўзини ҳар томонлама бахтли ҳис қилади!
Шундай экан, таълим олишдан тўхтаманг, азиз қизлар! Йўлингизни мустақил танлашдан чўчиманг! Олдинга дадил қадам қўйинг!
Барчангизга бахт, сиҳат-саломатлик ва муваффақият тилайман! Кўзларингиз доим чақнаб турсин, омад сизга ҳамиша ёр бўлсин!»
Саида Мирзиёева, Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари
«Дақиқалар, сониялардан тўғри фойдаланишни ўрганинг»
Ёшларга тилагимиз – қандай синовлар бўлмасин, қандай натижа бўлмасин олға интилишга ўрганишсин. Баъзан инсон хато қилади, баъзан эса ютуққа эришади. Хатолардан тўғри хулоса чиқаришга ўрганасиз. Ютуқлар эса яна янги ташаббусларга чорлайди.Дақиқалар, сониялардан тўғри фойдаланишни ўрганинг. Вақтни тўғри тақсимлашга одатланинг. Бир кунлик иш режаларингиз орасида китоб ўқиш албатта ўрин олсин. Билимларни мустаҳкамлашда китобдан ҳам кучли восита йўқлиги бу исбот талаб қилмайдиган аксиома. Чунки китоб ўқиш орқалигина ғояларингизни шакллантирасиз. Ўйлайманки, ҳозирги ёшларда ўз имконларини намоён этишлари учун шароитлар етарли.
Давлат ва жамият томонидан мотивация кучли. Улардан талаб қилинадигани — шижоат ва ташаббускорлик.
Ҳаммамизнинг бошимиздан ўтган. Ёшликда оддий нарсаларга ҳам сиқилаверардик. Ҳозир ўша воқеаларни таҳлил қилсак булар арзимас ҳолатлар эканлигини кўриб, юзимизга табассум югуради. Ёшлик шунчалик тез ўтиб кетадган фурсатки, уни сиқилиш, кимнингдир гапидан таъсирланиб хафа бўлишга арзимайди. Унда ҳаммамиз чиройли из қолдириб яшашимиз керак. Айтмоқчиманки, ҳаётдан лаззатланиб яшанглар!
Мустақил ҳаёт остонасида турган бугунги битирувчи ёшларга келажакка ишонч билан қадам ташлашларини, ўз билими ва салоҳияти билан давлатимиз тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшишларини тилаймиз!
Адлия вазири Русланбек Давлетов
«Сиз ота-онангиз ва жонкуяр устозларингиз ишончини оқлайсиз»
Бугун беғубор ўқувчилик даврини ортда қолдириб, қадрдон мактаб, устоз ва мураббийлар билан хайрлашиб, ҳаётнинг янада масъулиятли босқичига қадам қўяётган ўғил-қизларимизни табриклашдан мамнунман. Ишончим комилки, сиз Янги Ўзбекистоннинг муносиб пойдеворлари сифатида ота-онангиз ва жонкуяр устозларингиз ишончини оқлайсиз.Мамлакатимизда кечаётган улкан бунёдкорлик ишларига ўз ҳиссангизни қўшасиз. Зеро, бугун сизни эркин ва мукаммал таълим олишингиз, келажагингиз ва порлоқ истиқболингиз учун мустаҳкам шароит яратилди ва бу ишлар изчил давом этмоқда. Сиздек, қалби пок орзу-умидлар билан тўлган азму шижоатли ёшлар тимсолида халқимиз ва ватанимиз келжагини кўрамиз. Сизга фақат омад ва бахт ҳамроҳ бўлсин.
Қурилиш вазири Ботир Зокиров
«Биргина китоб ўқитиш билан иш битмайди»
«Ҳар бир ибтидонинг ўз интихоси бўлгани каби бугун олий таълим муассасалари бағрида ўқиб-изланаётган талабалар эртага бизнинг меҳнатимиз маҳсулини намоён этувчи битирувчига айланади. Бу давр ёшлар учун энг синовли палла эканини эътироф этиш жоиз.Мен ёшларимиздаги бу ўтиш даври изтиробларини қалбан ҳис этаман. Биз ҳам бу зиналарни босиб ўтганмиз, бир маслаҳатгўйга, тўғри йўл кўрсатгувчига эҳтиёжимиз бўлган.
Бугун аудиторияларни тўлдириб ўтирган, кўзлари ишончдан ёнаётган, бизларга устоз деган шарафни берган ҳар бир талабанинг ҳаётдан умидлари катта. Чунки улар жамиятнинг бир парчаси бўлган оилаларнинг вакиллари. Улар шу оилаларнинг ният ва режалари, орзуларини рўёбга чиқариш, бу йўлда шахсий, жамоавий вазифаларни адо этиш учун қаршимизда турибдилар. Демак, ҳақиқат шуки, улар битирганда бу мақсадлар амалга ошиши керак, уларни бунга қодир қила олишимиз керак.
Назария билан барча режаларимизга эриша олмаслигимизни ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Аудиторияларда эндиликда мактаб битирувчиси эмас, ишчи-ходимлар, амалиётни кўриб қўйганлар ўқияпти. Биргина китоб ўқитиш билан иш битмайди. Ташқарида, ойна ортидаги ҳақиқий манзара ичида бўлишимиз зарур. Шунда ўрганмоқни ўргатмоғи, сочмоқни термоғи, ёзмоқни яратмоғи, бошламоқни битирмоғи борлиги теран англанади. Ҳаёт гўзалликлари, яшамоқ неъмати, ёшликнинг олтин дамлари айнан манашу машаққатларда ёшларга ширин татийди. Президентимиз томонидан талабаларнинг иш билан таъминланиши, бандлигига қаратилаётган алоҳида эътибор замирида ҳам узоқни кўзлаш, ёшларни жамият бағрида асраш, уларга ҳамиша мамлакат учун керакликларини англатиш, келажакка талабалалик давриданоқ чўчимай шаҳдам қадам ташлашни ўргатишдай эзгу мақсадлар мужассамдир.
Биз талабаларимизга хатолардан умидни, машаққатдан завқ олишни ўргатишимиз зарур. Зеро, улар умрнинг энг ғунчалаган даврида бизга суянадилар.
Бугун ҳаёт хатарлари кучайиб бормоқда. Бир болага меҳр билан билим бериб, камолга етказиб, элга қўшиб, қадди бўйини кўтарганимизда вақт ўғрилари бўлган – ахборот ҳуружи, дангасалик, лоқайдлик, ватанпарварлик ҳиссининг йўқлиги, беқарорлик, вақтичоғлик, тушкунлик каби тузоқлар фарзандларимиз атрофида айланмоқда. Агар вақтида бу ҳатарларни олдини олмасак у ўз домига бутун меҳнатимизни тортиб кетади, келажакни ютиб юборади. Ёшларни яхшилар орасига, нияти, мақсади бир бўлган жамоа ичига олиб киришимиз лозим. Шундагина у ҳақиқий битирувчи сифатида тақдирини тўғри ҳал қилишни, бошлаганини битиришни ўрганади.
Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов
«Фидойилик ҳамда ҳалоллик каби хислатларни намоён қила оладиган давлат хизматчиси бўлишингиз тарафдориман»
Азиз битирувчилар, жонажон мактабингиз, қадрдон устозларингиз ва бир партада ёнма-ён ўтириб, оила аъзоларидек бўлиб қолган синфдошларингиз билан хайрлашиб, ҳаётингизнинг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан самимий табриклайман.Бунёдкорлик, яратувчанлик, ҳар доим ўқиш ва изланишда бўлиб, юртимиз тараққиёти, унинг ривожи, эртанги куни учун керакли инсонлар бўлиб етишишингизда омадлар тилайман.
Албатта фикр эркинлиги, хилма-хиллиги кўп ва уларни ҳурмат қиламиз. Лекин, бугун сизнинг шанингизга билдирилаётган эзгу тилаклар қаторида, кимлардир давлат хизматчиси бўлишни танламанг деган маслаҳатларни ҳам беришди.
Халқимизнинг хизмат қилган элда азиз, деган ибораси бежизга айтилмаган. Шу ўринда давлат хизматчиси бу — халқ хизматкоридир.
Янги Ўзбекистон меъмори ва ташаббускори ҳисобланувчи президентимиз томонларидан белгиланган бугунги ва эртанги авлодларимизнинг «Учинчи Ренессанс» пойдеворини биргаликда қуришимиз учун юксак касбий маҳорат, кучли ирода соҳиби, ўрни келганда мардлик, фидойилик ҳамда ҳалоллик каби хислатларни намоён қила оладиган давлат хизматчиси бўлишдек энг шарафли касбни танлашингиз тарафдориман.
Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев
«Иқтидор ўзидан ўзи пайдо бўлмайди, уни намоён қилиш учун ҳаракат қилиш керак»
25 май – анъанавий «Сўнгги қўнғироқ» куни. Юртимизнинг минглаб битирувчилар шу куни мактаб дарслари билан хайрлашиб, катта ҳаётга қадам ташлайдилар. Катта ҳаёт муборак бўлсин, азиз битирувчилар!Бугунги куннинг рамзий белгиси қўнғироқ экан, мен сизга ҳар куни, ҳар онда атрофингиздаги «қўнғироқлар»га қулоқ тутишингизни, сергак бўлишингизни тилаб қоламан. Дунё қай йўналишда ривожланяпти? Умумбашарий ва юртимиздаги муаммоларни ҳал қилишга мен қандай ҳисса қўша оламан? Атрофимдаги дўстларим, яқинларим нималар билан банд? Мана шу ва кўплаб бошқа саволларга жавоб изланг, ўқинг, ўрганинг, меҳнат қилинг. Ҳеч бир ишга лоқайд қараманг. Мақсадларни катта олинг, қадамларингиз кенг бўлсин, шунда улкан ютуқларга эришасиз. Иқтидор ўзидан ўзи пайдо бўлмайди, буни ҳам унутманг. Иқтидорни намоён қилиш учун ҳаракат қилиш керак. Ҳеч қачон уддалолмайман, бу ишни бажариб бўлмайди, деб негатив фикрламанг – негатив бор жойда ривожланиш бўлмайди. Катта-катта ишларни бажаришни ва шу орқали ютуқларга эришиб юришни орзу қилинг. Ва орзуларингиз рўёби учун тинимсиз ҳаракатда бўлинг!
Янги ғояларингиз, фикрларингиз, лойиҳаларингиз борми? Уларни ташлаб қўйманг. Шу ғояларни ривожлантириш учун ҳозирда яратилаётган барча имкониятлардан фойдаланинг. Ўзингиз танлаган соҳадаги энг етакчи марказлар, олий таълим муассаслари, мутахассислар, олимлар, экспертларга интилинг. Шу билан бир қаторда хорижда ўқишингизни давом эттирасизми, Ўзбекистонда таълим оласизми ўзлигингизни унутманг, доимо шу юрт фарзанди эканингиздан ғурурланинг. Юртимиз равнақи, Янги Ўзбекистонимиз ривожи учун билимли мутахассис бўлиб етишинг!
Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов
«Мақсадларингизга эришиш йўлида собитқадам бўлишингизни тилаб қоламан»
Бугун юртимизнинг барча умумтаълим мактабларида сўнгги қўнғироқ жарангламоқда. Ўқувчилар қалбидаги ҳаяжон ҳамда синфдошлари, устозлари ва қадрдон мактаби билан хайрлашиш онларидаги кўзёшларни ҳеч бир сўз билан таърифлаб бўлмайди. Бу кунларнинг гашти бўлак, бу онларнинг қувончи, завқи ўзгача...Қадрли мактаб битирувчилари!
Бугун катта ҳаёт остонасига етуклик шаҳодатномалари ила шаҳдам қадам босяпсиз. Бу умрингизнинг янада масъулиятли, синовли паллаларига етиб келдингиз дегани. Улғайишлик бахти билан табриклайман!
Шахсий ҳаётини қуриш ҳеч кимда осон бўлмаган, сиз ҳам бу жараёнда турли тўсиқ ва қийин паллаларга дуч келишингиз мумкин. Энди синфдошларингиз ҳам ё Олий таълимда ўқишни давом эттиради, ёки ҳалол меҳнати билан бирор касбни ўрганиб, оиласига қанот бўлади. Энг муҳими, бу йўлдаги синовлар қаршисида енгилмаслигингизни, мақсадларингизга эришиш йўлида собитқадам бўлишингизни тилаб қоламан!
Мактабда олган билимларингизни келгусида яна-да мустаҳкамлаб, Ватамизга, эл-юртимизга муносиб хизмат қиладиган етук инсонлар бўлишингизга тилакдошман. Мактабдаги сўнгги, катта ҳаёт остонасидаги илк қўнғироғингиз муборак бўлсин.
Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин
Изоҳ (0)